Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув ўтказилиб, тўй куни белгиланиши кутилаётган кунларнинг бирида қишлоқ бўйлаб мамлакат бўйича карантин эълон қилинганлиги, шу сабабли чекловлар ўрнатилиши ҳақида ваҳимали хабарлар тарқалди. Ҳамма ўзидан шубҳалана бошлади. Кўнгилга тўй ҳам сиғмай қолди. Шу сабаб икки ёшнинг никоҳ тўйи ўз вақтида ўтказилмай қолиб кетади.
Тошкентдаги танишув...
Шундан сўнг куёв бўлмиш имкониятдан фойдаланибникоҳ тўйига кўпроқ пул топиш мақсадида Тошкентга кетади. Ўзи аввал ишлаган Сирғали туманидаги новвойхоналардан бирига жойлашади. Бу ерда Янгийўл туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган, турмушидан ажраган Зулхумор Умарова билан яқиндан танишиб, муҳаббат ришталарини боғлайди. Икки севишганнинг муносабатлари жиддийлашиб, Муроднинг таклифи билан май ойида шаръий никоҳ асосида оила қурилади. Шундан сўнг новвойхонага яқин уйлардан бирини ижарага олишиб, бирга яшай бошлайдилар.
Жиззахдаги қидирув...
Бироқ, 2020-йилнинг 29-сентябрь куни Мурод дабдурустдан Тошкентда ишлари юришмаётгани, шу сабабли Жиззахга ишлаш учун кетаётганини айтиб уйидан чиқиб кетади. Ана шундан кейин севишганлар ўртасига совуқчилик туша бошлайди. Мурод қўнғироқларга умуман жавоб бермай қўяди. Бундан шубҳалана бошлаган Зулхумор Муродга бегона рақамлардан ҳам қўнғироқ қилиб кўради. Шундай пайтларда у қайтиб қўнғироқ қилиб юборишини айтиб, телефонларини ўчириб қўяди.
Мурод унинг қўнғироқларига жавоб бермай қўйганидан сўнг, Зулхумор уни излаб топиш мақсадида Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармасига эри бир неча кун олдин Тошкентдан Жиззахга новвойчилик қилиш учун чиқиб кетиб, бедарак йўқолганини, топиб беришларини сўраб мурожаат қилади. Бироқ натижа бўлмагач, эрини қидириб топиш мақсадида ўзи ҳам йўлга тушади. Жиззахга бориб, бир неча кун сарсон- саргардон бўлиб юришига қарамасдан ҳеч қандай натижа бўлмайди. Мурод ерда ҳам, кўкда ҳам йўқ. Тақдирга тан бериб, уйга қайтаётганида Муроднинг ўзи қўнғироқ қилиб, айни пайтда Бухорода эканлигини, хавотир олмаслигини айтиб, уйга қайтишини сўрайди.
Чақалоқ йиғиси туғдирган шубҳа...
Зулхумор Умарова,
судланувчи:
- 20 октябрь куни Муродга яна қўнғироқ қилдим. Шунда у томондан чақалоқ йиғисини эшитдим. Рашким келиб, ундан қаердалигини, чақалоқ кимнинг фарзанди эканини сўрадим. У эса ёнидаги аёллардан бирини боласининг овози эканлигини айтиб, жаҳл билан телефонни ўчириб қўйди. Бундай муносабатдан асабийлашиб, унинг опасига қўнғироқ қилдим. Опаси билан гаплашганимда укаси яқинда уйланаётганини, тўй яқинлигини айтди. Шунда ҳақиқатан алданганлигимни билдим. Ёлғон ваъдалари, ҳаётимни барбод қилгани учун хўрлигим келиб, ундан қасд олиш йўлларини изладим. Бироқ шунда ҳам бу гаплар ёлғон бўлсайди, дегим келарди. Вақтни чўзмасдан янада аниқлик киритиш учун Андижонга бориш режасини туздим ва танишим Дилёрга қўнғироқ қилиб, онам бетоблигини, шу сабабли унинг ҳолидан хабар олиш учун бориб келишим кераклигини айтиб, йўлда шерик бўлишини сўрадим. Аввалига у кўнмади. Лекин бир амаллаб розилигини олиб, йўлга чиқдик.
Муродга қўнғироқ қилиб, уйини топиб келганлигимни, айни пайтда дарвозаси олдида турганимни, ўзи чиқмаса ота-онасининг олдига киришимни айтдим. Шундан сўнг у уйидан чиқиб, биз келган машинага ўтирди. Биргаликда профилактика инспектори хонасига бордик. Мурод машинадан тушибоқ мени яхши кўришини, мажбуран уйдагилар учун уйланаётганлигини, бир оз сабр қилиб, тўй ўтишини кутиб туришимни сўради. Қайта-қайта келинни уйдагиларга топшириб, 10-15 кундан сўнг Тошкентга қайтиб боришини айтиб, тинчлантиришга ҳаракат қилди. Шунда ундан икки-уч соат вақтини ажратишини сўрадим. У рози бўлди ва шаҳарга йўл олдик...
Яширин режа...
Аёл Муроднинг берган ваъдаларини эслаб, шарманда бўлган ҳолатда уйига қайтишни истамайди. Ундан нафратланиб, Андижон шаҳридаги қурилиш моллари дўкондан ёғоч сопли пичоқ сотиб олади. Курткасининг ичига яшириб эрини жазолаш мақсадида режа тузади. Жуфтлик кўчаларни айланиб, дала майдонига кириб суҳбатлашиб ўтиришади. Шу пайт Мурод эгнидаги оқ рангли жемперини ечиб, ғўзапояга илиб қўйган, Зулхумор эса эгнидаги костюмини ечиб ерга ташлаб, Муродга ўгирилган ҳолатда ўтиришини, елкаларини уқалаб қўйишини айтади. Йигит ўгирилганида эса орқа биқин соҳасига икки марта пичоқ санчади. Шунда Мурод у томонга қайрилиб, бўйнидан бўғиб, қўлидаги пичоқни олмоқчи бўлганида, чап елка соҳасига яна бир марта пичоқ урган.
“Бошқа аёлга бериб қўйишни истамаганим учун...”
— У ҳолсизланиб, ерга ўтириб қолди. Танадан пичоқни олиб, пахтазор томонга улоқтирдим ва уни бошқа аёлга бериб қўйишни истамаганим учун шундай қилишга мажбур бўлганини айтиб, ундан узр сўрадим. У эса тез ёрдам чақириб, у ердан кетишимни, бўлган ҳолатни ҳеч кимга айтмасдан, ўзимга тегишли бўлган барча нарсаларни олиб кетишимни айтди, - дейди судланувчи ўз кўрсатмасида.
Суд ҳукми қандай бўлди?
Жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар суди Умаржон Мирзаабдуллаев томониданкўриб чиқилганжиноят иши якунлари бўйича Зулхумор Умарова Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қотиллик) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган ва унга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазо қаттиқ тартибли колонияларда ўташи белгиланган.
Ота-онасининг дуосини олиб, шириндан-шакар фарзандларни вояга етказиши мумкин бўлган Мурод ўз хатоси туфайли бу дунёни тарк этди. Тўйга тўёна билан келиши керак бўлган одамлар эса унинг жанозасига йиғилиб келди.
Манба: darakchi.uz