Дунёнинг энг яккаланган мамлакатларидан бири ҳисобланган Туркманистонда сўнгги пайтларда сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Ашхободда Азат Сейитмуҳаммедов томонидан асос солинган "Wabrum" каби электрон тижорат стартапларининг пайдо бўлиши бу соҳанинг мамлакатда ривожлана бошлаганидан далолат беради.
Агентликнинг хабар беришича, Туркманистон ҳукумати чекловлар сақланиб қолаётган бўлса-да, технологик инновациялар ва ижтимоий ўзгаришларга кенгроқ йўл очиб берди.
1991 йилда мустақилликка эришгач, биринчи президент Сапармурат Ниёзов даврида мамлакат "доимий нейтрал" деб эълон қилинган ва дунёдаги энг қатъий виза режимларидан бири жорий этилган эди. Аммо 2022 йилда Сердар Бердимуҳамедов ҳокимиятга келгач, виза тартибини соддалаштириш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва иқтисодиётни тармоқлаштириш борасида интилишлар бошланди. Ғарб дипломатлари бошқарув элитасида ислоҳотларга бўлган қизиқиш ортганини ва шахсий эркинликлар бир оз кенгайганини қайд этди.
Шу билан бирга, Туркманистон жамиятида ҳам катта ўзгаришлар юз берди. Интернетнинг секинлиги ва цензурага қарамай, ёшлар орасида VPN орқали Instagram ва TikTok каби ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш оммалашди. Савдо марказларида ўсмирлар TikTok учун видеолар олди, спорт мактабларида эса брейк-данс каби замонавий йўналишлар ривожланди. Шундай бўлса-да, мамлакатда сиёсий назорат ҳамон қатъийлигича қолмоқда ва иқтисодиётда долларнинг икки хил курси мавжудлиги хорижий инвесторлар учун қийинчилик туғдиряпти, дейилади мақолада.