Бугун 25 октябрь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Яна бир юртдошимиз Япония ордени билан тақдирланди

Яна бир юртдошимиз Япония ордени билан тақдирланди

Ўзбекистоннинг Токиодаги собиқ муваққат ишлар вакили Алишер Охунжонов Япониянинг «Чиқаётган қуёш, розеткали олтин ва кумуш нурлар» (The Order of the Rising Sun, Gold and Silver Rays with Rosette) ордени билан тақдирланди.

Мукофот Тошкент шаҳрида Япониянинг фавқулодда ва мухтор элчиси Кенжи Ҳирата томонидан топширилган.

Ушбу мукофот Алишер Охунжоновнинг Япония ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда дўстона алоқаларни ривожлантиришга қўшган кўп йиллик ҳиссасини эътироф этиш мақсадида берилган.

Япония элчихонаси хабар беришича, Алишер Охунжонов Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси очилишига салмоқли ҳисса қўшган ва Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги илк муваққат вакили сифатида икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашган.

Бундан ташқари, у Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб, Тошкент шаҳридаги япон ҳарбий асирлари қабристонини ободонлаштиришга катта ҳисса қўшган.

Сўнгги йилларда бир қатор юртдошларимиз Япониянинг нуфузли мукофотига сазовор бўлди.

2024 йилда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Халқ рассоми Акмал Нурга (Нуриддинов) Япония императорининг «Чиқаётган қуёш ордени, Олтин нурли бўйин тасмаси» (Order of the Rising Sun, Gold Rays with Neck Ribbon) мукофоти топширилганди.

2023 йилда Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов «Чиқаётган қуёш катта кордон» ордени билан тақдирланган.

2022 йилда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевга «Чиқаётган қуёш катта кордон» ордени топширилган.

Киритилди: 17:41 15.09.2026. Ўқилди: 789 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!