Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Яқин Шарқдаги давом этаётган можарони ҳал қилишнинг ягона йўли мулоқот ва музокаралар эканини таъкидлади. Унинг баёноти Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида эълон қилинди.
«Яқин Шарқдаги ҳозирги можаро чўзилиб кетди ва бошқа ҳудудларга ҳам тарқалди. Шу боис мулоқот ва музокаралар ягона ечим ҳисобланади. Барча томонлар ўз халқлари ва тарих олдидаги масъулиятини англаб, куч ишлатишдан воз кечиши ҳамда сиёсий ечимга оқилона ва амалий ёндашув асосида эътибор қаратиши керак», — деди Ван И.
У бу фикрларни Пекинда Эрон Олий миллий хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Али Боқирий билан учрашувда билдирган.
Хитой ташқи ишлар вазирининг таъкидлашича, Пекин Яқин Шарқда тинчликни тиклаш мақсадида барча манфаатдор томонлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр.
Али Боқирий эса учрашувда Эроннинг минтақадаги вазиятга нисбатан позициясини баён қилган. Унинг айтишича, Теҳрон мамлакат хавфсизлиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий ҳимоя қилади, гегемонлик ва ҳар қандай таҳдидларга қарши туради.
Эрон вакили мамлакат минтақада тинчлик ва барқарорликни тиклаш учун барча томонлар билан музокара олиб боришга тайёрлигини билдирган. Шунингдек, у Хитойнинг бу борадаги ташаббусларини юқори баҳолаган.