Хитой ҳукумати сунъий интеллект (ИИ), қуёш энергетикаси ва биотиббиёт соҳаларидаги муҳим технологиялар экспортига янги чекловлар жорий этиш лойиҳасини тайёрлади. Бу ҳақда ntv нашри ёзмоқда.
Лойиҳа 40 турдаги технологияни назорат қилишни назарда тутади. Уларнинг 14 тасини экспорт қилишни бутунлай тақиқлаш, яна 26 тасини четга чиқариш учун махсус рухсат олиш талабини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Асосий эътибор сунъий интеллект технологияларига қаратилган. Рўйхатдан йирик тил моделлари ва турли вазифаларни мустақил бажара оладиган ИИ-агентларни ишлаб чиқишга оид технологиялар ҳам ўрин олган.
Шунингдек, қуёш панелларини ишлаб чиқаришга оид 12 та муҳим технология ва ҳужайра ҳамда ген терапияси соҳасидаги айрим ишланмалар ҳам чекловларга тушиши мумкин.
Хитой Савдо вазирлиги ушбу ташаббусни хавфсизлик нуқтаи назаридан изоҳламоқда. Вазирлик фикрича, сунъий интеллект технологияларидан муҳим инфратузилмага ҳужум қилишда фойдаланиш мумкин. Қуёш энергетикаси соҳасидаги ишланмалар эса фуқаролик мақсадларидан ташқари, космик ва мудофаа саноатида ҳам қўлланилади.
Бироқ таҳлилчилар Пекиннинг бу қадами АҚШ билан технологик рақобат кучайиб бораётган бир шароитда юқори технологияли соҳалардаги етакчи мавқеини сақлаб қолишга интилиши билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Агар янги чоралар қабул қилинса, хорижий компанияларнинг сунъий интеллект ва қуёш энергетикаси соҳаларида ўз ишлаб чиқаришини ривожлантириш режалари мураккаблашиши мумкин.