Бугун 17 октябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

Рус қўшинлари Киевга олиб борадиган яхши асфальт йўлдан юрганида...

Рус қўшинлари Киевга олиб борадиган яхши асфальт йўлдан юрганида...

Трамп Россиянинг 2022 йилдаги босқини ҳақида гапирар экан, рус қўшинлари Киевга олиб борадиган яхши асфальт йўлдан юрганида, бир неча соат ичида пойтахтга етиб бориши мумкинлигини иккинчи марта такрорламоқда.

Унинг версиясига кўра, генераллардан бири асфальт йўл ўрнига дала йўлларидан ҳаракатланишга қарор қилган, ёмғирдан кейин танклар лойга ботиб қолган ва Украина уларни Америка берган Javelin ракеталари билан йўқ қилган.

Аслида нима бўлган? Ростдан ҳам рус танклари ботқоқликка ботиб қолганми?

1. Россия Киевни тез эгаллашни режалаштирган. Британиянинг RUSI ҳарбий-таҳлил маркази ҳисоботига кўра, Россия Украинага босқинни тахминан 10 кун ичида амалга оширишни, кейин эса мамлакатни эгаллашни режалаштирган. Киевни тез қўлга киритиш учун Украина кучларини чалғитиш ва кутилмаган йўналишлардан ҳужум қилиш кўзда тутилган.

2. Танклар фақат далада эмас, асосий йўлларда ҳам тўхтаб қолган. 2022 йил февраль охири — март бошида Беларусдан Киев томон ҳаракатланган Россия ҳарбий колонналарида катта тирбандлик юзага келди. Ёқилғи ва озиқ-овқат таъминотидаги муаммолар, техникаларнинг бузилиши, йўлларнинг чекланганлиги ва Украина ҳужумлари ҳаракатни секинлаштирди. Колонналарнинг айрим қисмлари лойга ботиб ҳам қолган.

3. Россиянинг Гостомель аэропортини тез эгаллаш режаси тўлиқ амалга ошмади. Киев яқинидаги Гостомель аэропортини қўлга киритиш Россия режасининг муҳим қисми эди. У ерга ҳаво орқали қўшин ва техника етказиб, пойтахтга тез кириш имкони пайдо бўлиши керак эди. Украина кучлари қаршилик кўрсатиб, Россиянинг бу режасини издан чиқарди. Россия ҳавода тўлиқ устунликка ҳам эриша олмади.

4. Украина армиясининг қаршилиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Украина ҳарбийлари артиллерия, танкка қарши қуроллар, жумладан Javelin ракеталари ва бошқа воситалардан фойдаланди. Россиянинг олдинга ўтиб кетган айрим бўлинмалари эса таъминот ва қўллаб-қувватлашдан узилиб қолди. RUSI таҳлилига кўра, Киевни ҳимоя қилишда Украина артиллериясининг оммавий зарбалари ҳам катта роль ўйнаган.

5. Россия Киевни эгаллай олиши мумкинмиди? Россия қўшинлари босқиннинг дастлабки кунларида Киев атрофигача етиб келгани учун пойтахтнинг қўлга киритилиши реал ҳарбий хавф бўлган. 2022 йил 2 мартда RUSI таҳлилида ҳам Киевга ҳужум жиддий хавф туғдириши таъкидланган. Россия армияси Киевни бир кунда эгаллаш учун зарур бўлган барча шарт-шароитларга эга эди, деб айтишга асос йўқ. Ҳатто Россия қўшинлари шаҳарга тезроқ кирган тақдирда ҳам, улар Украина армияси ва шаҳар ичидаги қаршиликка дуч келарди.

Киритилди: 23:13 16.10.2026. Ўқилди: 732 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!