Бугун 12 май, 2025 йил, душанба

O'ZB

Халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман Кенгашининг 50 сессияси бўлиб ўтди

Халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман Кенгашининг 50 сессияси бўлиб ўтди

Халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман Кенгашининг 50 сессияси бўлиб ўтди

Сессияга қўйилган асосий масала, туман ҳокимининг 2021 йил якунлари ва 2022 йилга мўлжалланган истиқболли режалари тўғрисидаги ҳисоботи ва туман фуқароларига мурожаати ўқиб эшиттирилди.

"Ассалому алайкум!

Ҳурматли депутатлар ва туман фаоллари!

Ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар!

Жорий йил, ўтган йилги йўқотишларни ўрнини тўлдириш ва икки карра масъулиятни ошириш йили бўлди десак хато қилмаган бўламиз.

Шу боис, бугун Сизлар билан биргаликда 2021 йил учун белгилаб олинган вазифаларимиз ижроси, эришилган натижалар ва келгуси йилги устувор йўналиш ва вазифаларни белгилаб олишимиз лозим.

Ҳамма мутассадди раҳбарлар бир ҳақиқатни тушуниши керак, ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини ошириш, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда аҳолининг янада фаолроқ, янада ташаббускор бўлиши биз учун жуда муҳим.

Шунингдек, одамлар етарли даромад топиши учун қулай бизнес ва инвестиция муҳитини шакллантириб, янги-янги корхоналар ва иш жойларини кўпайтириш каби долзарб масалаларимиз бор.

Энг асосийси, бу ислоҳотлар натижасида туманимиз аҳолиси учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришимиз керак. Одамларимиз етарли даромад топиши учун энг қулай бизнес ва инвестиция муҳитини шакллантириб, янги-янги корхоналар ва иш жойларини кўпайтиришимиз зарур.

Бу борада Давлатимиз раҳбари томонидан ишларни “Маҳаллабай” ташкил этишда олиб бораётган ислоҳотлари:

Жумладан, жорий йил “Обод - маҳалла ва обод - қишлоқ” дастури асосида ҳар бир маҳаллада ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари учун 2,0 млрд сўмдан маблағ ажратилиши;

“Замонавий маҳалла” дастури асосида ҳар бир маҳалла идораларини қуриш ва реконструкция қилиш;

Маҳалла фуқаролари раислари фаолиятини рейтинг баҳолаш орқали рағбатлантириш тизими жорий этилганлиги;

Ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш бўйича туман ҳокими ёрдамчиси ҳамда ёшлар масалалари бўйича шаҳар ҳокимининг вакили – ёшлар етакчиси лавозимлари жорий этилганлиги ҳар бир маҳалла мисолида яққол наъмуна бўла олади.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарорига мувофиқ, Тошкент вилояти Қибрай туманидан, Мирзо Улуғбек туманига 2 294,6 гектар майдондан иборат 13 та маҳалла қўшилиб, маҳаллаларимиз сафи 70 тага етди. Натижада Мирзо Улуғбек тумани пойтахтимизнинг энг йирик туманига айланди. Бу эса ўз ўрнида янги соҳаларни ичига кириш, ҳисоб-китоб билан чуқур таҳлил қилган ҳолда ишларни ташкил этишни талаб қилади.

Жорий йилда белгиланган режалар ижроси бўйича тўхталиб ўтсам.

Туман аҳолиси 314,5 минг кишини ташкил этиб (Қибрай аҳолиси билан), шундан, иқтисодий фаол аҳоли сони 251,6 минг кишини, банд аҳоли сони 243,7 минг кишини, ишсизлар сони 7,8 минг кишини, ишсизлик даражаси 7,4 фоизни ташкил қилмоқда.

Биргина хизматлар соҳасида янги иш ўринларини яратиш бўйича белгиланган режа 40 432 тани ташкил этиб, 1 декабрь ҳолатига 34 067 тани, яъни 85 фоизга бажарилмоқда. Мазкур режани йил якунига қадар 102 фоизга бажаришни белгилаб олдик.

“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида жорий йилнинг ўзида 8,5 млрд сўм имтиёзли кредитлар ажратилиб, 500 га яқин янги иш ўринлари яратилди.

Бюджет ижроси бўйича йиллик контингент режаси 1,7 трлн сўм белгиланган бўлиб, 1 декабрь ҳолатига амалда 1,6 трлн сўмга яъни 95 фоизга таъминланмоқда. Мазкур режани йил якунига қадар 103 фоизга бажаришни белгилаб олдик. Маҳаллий бюджет ижросини эса 100 фоизга бажариш бўйича тегишли чора тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тумандан рўйхатдан ўтган кичик бизнес субъектлари сони 1 декабрь ҳолатига 10 959 тани ташкил этиб, шундан фаолият юритаётган 10 571 та, фаолият юритмаётган 388 та, жорий йилда янги ташкил этилган 1 840 тани ташкил этмоқда.

Натижада, бугунги кунга келиб ҳар 1 000 иқтисодий фаол аҳолига тўғри келадиган кичик тадбиркорлар сони туманда 80 бирликка етди, ваҳолангки ушбу кўрсаткич 2016 йилда 47 бирлик бўлган эди.

Туманнинг асосий иқтисодий кўрсаткичлари жумладан,

- Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 3,7 трлн сўм, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 102,0 фоизга, аҳоли жон бошига 13,0 млн сўмдан тўғри келади;

- Хизмат кўрсатиш ҳажми 6,8 трлн сўм, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 105,5 фоизга, аҳоли жон бошига 23,8 млн сўмдан тўғри келади;

- Пудрат қурилиш ишлари 2,2 трлн сўм, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 104,3 фоизга, аҳоли жон бошига 7,7 млн сўмдан тўғри келади;

- Чакана савдо айланмаси 2,4 трлн сўм, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 111,7 фоизга, аҳоли жон бошига 7,9 млн сўмдан тўғри келади.

2021 йил якунига қадар ўзлаштириладиган умумий инвестициялар ҳажми лойиҳа ташаббускорларининг маълумотларига асосан 4,3 трлн.сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Мазкур кўрсаткич 2020 йилдагига нисбатан 0,9 трлн.сўмга кўп яъни 26,4 фоизга ўсишга эришилади.

Жорий йил 1 декабрь ҳолатига кўра туман инвестиция дастурига мувофиқ умумий қиймати 2,2 трлн.сўм бўлган 65 та лойиҳалар ишга туширилди ва 1 368 та янги иш ўринлари яратилди.

Ҳурматли фаоллар!

Ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш ҳамда камбағалликни қисқартириш, хотин-қизлар масалалари бўйича амалга оширилаётган ишларга тўҳталиб ўтсам.

Туманда йил бошида 796 та эҳтиёжманд оилалар рўйҳати – “Темир дафтар”да мавжуд бўлган бўлса, 1 декабрь ҳолатига 628 та оилалар Халқ депутутлари туман Кенгаши қарорлари асосида “Темир дафтар” рўйҳатидан чиқарилган.

Мазкур оилаларнинг 93 тасини бандлигини таъминлаш орқали, 65 нафари ўз ишига тикланган, 207 нафарига тиббий ёрдам ёрдам берилган, 230 нафарига моддий ёрдам ажратилган ҳамда 33 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлагани сабабли рўйҳатдан чиқарилган.

“Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан йил бошидан мазкур оилалар учун жами 1,7 млрд сўм маблағлар ажратилди.

Ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида ёшлар ва аёллар дафтарига киритилганлар билан бирма-бир мулоқот қилиш, уларнинг эҳтиёжларини аниқлаш, дарду-ташвишини, таклиф ва қизиқишларини ҳамда маҳалладаги аниқ ҳолатни ўрганиш бўйича манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

“Аёллар дафтари”га киритилган 4 183 нафар хотин-қизларнинг муаммолари тизимли равишда ҳал этилди.

Жумладан, 393 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди, 97 нафар хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилди, 91 нафар хотин-қизлар тадбиркорликка жалб этилиб, уларга имтиёзли кредитлар ажратилди. 1099 нафар хотин-қизларга моддий ёрдам ажратилди, 30 нафарига турар-жой конпенсацияси тўлаб берилди. 379 нафар хотин-қизларга манзилли тиббий ёрдам кўрсатилди. 1246 нафар хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, 1178 нафар хотин қизларга эса психологик ёрдам кўрсатилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги 132-сон ҳамда 28 апрелдаги 250-сон қарорларига мувофиқ, “Ёшлар дафтари”га жами 2 411 нафар ёшлар киритилиб, шундан 2 308 нафари “Ёшлар дафтари”дан чиқарилди. Бугунги кунда “Ёшлар дафтари”да мавжуд ёшлар сони 103 нафарни ташкил этмоқда.

Шунингдек, жорий йилда туманда ёшларга оид давлат сиёсатини сифатли амалга ошириш ва ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш натижасида 2 154 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. Шундан, 667 нафар ёшлар доимий иш билан таъминланди, 469 нафар ёшлар касб-ҳунарга ўқиш учун йўналтирилди, 475 нафар ёшлар тадбиркорликка ўқиш учун йўналтирилди, 740 нафар ёшлар ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтказилиб, уларга муайян йўналишда фаолиятини йўлга қўйиш учун амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Бундан ташқари, 47 нафар ёшларга 1 млрд. 435 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар олишга кўмаклашилди.

2021 йил давомида “Ёшлар жамғармаси” маблағлари ҳисобидан “Ёшлар дафтари”га киритилган жами 531 нафар ёшларга 1 млрд. 913,6 млн. сўм миқдорида ижтимоий-иқтисодий ёрдамлар кўрсатилди.

Жумладан, 213 нафар ёшларга 209,4 млн. сўм миқдоридаги бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди, 66 нафар ёшларга 91,1 млн. сўм миқдорида тадбиркорлик, касб-ҳунар, ҳайдовчилик ва қайта тайёрлов курслари учун маблағлар ажратилди, 91 нафар ёшларга 633,2 млн. сўм миқдорида ўзини-ўзи банд қилган ёшларга зарур бўлган асбоб-ускуналар олиб берилди, 73 нафар “Темир дафтар”га киритилган оилалар, шунингдек “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга 479,5 млн. сўм миқдоридаги тўлов-контракт пуллари тўлаб берилди, 80 нафар “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг 416 млн. сўм миқдоридаги сафарбарлик чақируви резерви бадаллари тўлаб берилди.

“Бешта муҳим ташаббус” доирасидаги тадбирларга эса жами 2 млрд. 533,4 млн. сўм миқдоридаги пул маблағлари сарфланди.

Туманда жами 104 та мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлиб, шундан 62 та давлат ва 42 та хусусий мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритмоқда. Мазкур йилда боғчаларда қамров даражаси 104,1% ни ташкил этиб, туманда мактабгача таълим ташкилотлари тизими қуввати 22 минг 570 ўринни ташкил этмоқда.

Туман мактабгача таълим бўлимида 2021 йил давомида “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида 4 та (274, 378, 446, 471-сон) мактабгача таълим ташкилотлари капитал таъмирланиб, уларга 4,2 млрд. сўм миқдорида пул маблағлар ажратилди.

Шунингдек, жорий йилда 9 та (14, 137, 223, 410, 367, 312, 270, 148, 232) мактабгача таълим ташкилотлари жорий таъмирланиб, жами 6 млрд. сўм миқдорида пул маблағлари ажратилди.

Туман Халқ таълими бўлими тасарруфида 32 та умумтаълим мактаби, 4 та ихтисослаштирилган умумтаълим мактаблар, 2 та махсус мактаб-интернатлар, 1 та Президент мактаби ва 6 та нодавлат умумтаълим мактаблари фаолият юритмоқда. Мазкур умумтаълим мактабларда жами 47 394 нафар ўқувчилар таҳсил олишмоқда.

Жорий йилда тумандаги 35-сонли умумтаълим мактабини капитал таъмирланиши учун 13 млрд. сўм пул маблағлари ажратилиб, ҳозирда 11 млрд. 211 млн. сўм миқдорида таъмирлаш ишлари амалга оширилган, шу билан бирга, мазкур умумтаълим мактабида 540 ўринли қўшимча бино барпо этилмоқда.

Туманда жами 2 326 нафар педагог ходимлар фаолият кўрсатиб, шундан педагог ходимларнинг 2 270 нафари олий, 56 нафари ўрта махсус маълумотли ўқитувчиларни ташкил этади.

Умумтаълим мактабларда жами 329 та янги тўгараклар фаолияти самарали йўлга қўйилиб, уларга 3 803 нафар ўқувчи-ёшлар қамраб олинди.

2020-2021 ўқув йилида жами 3 315 нафар битирувчилар мавжуд бўлиб, шундан 1 955 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирди, 98 нафари коллеж ва техникумларда таҳсил олмоқда, 11 нафари ҳарбий хизматга кетган, 35 нафари чет элга кетган, 16 нафари турмушга чиққан, 1 058 нафари ўзини-ўзи банд қилган ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлар, 133 нафари норасмий секторда бандлиги таъминланганларни ташкил этмоқда.

Бугунги кунда, битирувчи-ёшлардан 9 нафари бандлиги таъминланмаган бўлиб, улардан 3 нафари ногиронлиги мавжуд бўлганлиги сабабли, 6 нафари ўз хоҳишига кўра ота-онаси қарамоғида қолмоқда.

Жорий йилда туманда 1 286 та маданий, маънавий ва мафкуравий иммунитетни оширишга қаратилган тадбирлар ташкиллаштирилиб, уларга 78 946 нафар ёшлар қамраб олинди.

2021 йил давомида тумандаги маҳаллаларда жами 189 маротаба “Ҳоким ва ёшлар”, “Сектор раҳбари ва ёшлар” учрашувлари ўтказилиб, уларда 3 380 нафарга яқин ёшлар иштирок этдилар. Ўтказилган учрашувларда ёшлар томонидан жами 638 та турли мурожаатлар кўтарилган бўлиб, уларнинг 423 таси жойида ҳал этилди, 64 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, 151 таси “Йўл харитаси”га киритилиб, бугунги кунда мазкур муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Туман ҳудудида соғлиқни сақлаш тизимидаги 14 та тиббиёт муассасалари туман аҳолисига малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Туманда коронавирусга қарши жами эмланиши режалаштирилган аҳоли сони 202 386 нафар ташкил этиб, бугунги кунда, 249 093 нафар аҳоли эмланганларни ташкил этмоқда. Шундан, 1-доза 144 535 нафар, 2-доза 83 752 нафар, 3-доза 20 806 нафарни ташкил этади.

Туман маҳаллий бюджетининг 2021 йил бюджет параметрлари доирасида Марказий кўп тармоқли поликлиниканинг ички қисмини жорий таъмирлаш ишлари учун 78,4 млн. сўм ва 1-сон фтизиатрия поликлиниканинг совук сув тизимини таъмирлаш ишлари учун 16 млн. сўм ва 9-сонли оилавий поликлиниканинг том кисмини жорий таъмирлаш учун 392,7 млн. сўм маблағлар ажратилди.

Кўрикдан ўтказилган аҳолининг режали стационар шароитда даволаш ва соғломлаштириш ишларини олиб бориш учун Республика ва шаҳар тиббий муассасаларига жами 2 958 нафар фуқароларга йўлланма-ордерлар берилди.

Шунингдек, 70 061 нафар 0-18 ёшгача бўлган болалар тўлиқ чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, 27 675 нафарида турли хил касалликлар аниқланиб, улар билан даволаш-соғломлаштириш ишлари ташкилаштирилди.

Бугунги кунда, туманда нафас тизими касалликлари билан 37 301 нафар, эндокрин касалликлар билан 12 283 нафар, кардиологик касаллик билан 21 499 нафар беморлар «Д» назоратга олинди.

Ҳурматли фаоллар!

Хабарингиз бор, бу йил “Обод маҳалла” дастури доирасида Мирзо Улуғбек тумани маҳаллаларида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилди.

Албатта амалга оширилган ишларнинг пировард мақсади халқнинг фаровон яшаши учундир. “Обод маҳалла” дастури доирасида бажарилган ишларга тўхталиб ўтсак, туманда жами 332 172 кв.м асфальт қилиш ишлари амалга оширилди. Массивлар орасига 57 та болалар майдончаси, 42 та стритворкоут (Street workout) ва спорт майдончалари ўрнатилди.

Туманда жойлашган жами 1 421 та кўп қаватли уйларнинг 400 тадан ортиғида фасад қисмини таъмирлаш, 19 693 кв.м том қисмини жорий таъмирдан чиқариш ишлари амалга оширилди.

Ҳурматли депутатлар ва фаоллар!

Жорий йилда амалга оширган ишларимизни танқидий таҳлил қилиб, бошқарув тизими сифатини оширишда Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак деган асосий тамойилни амалда тўлиқ таъминлаш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз зарур.

Бунинг учун, авваламбор, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашимиз зарур. Шунинг учун ҳам боғчадан бошлаб олий ўқув юртигача – таълимнинг барча бўғинларини ислоҳ қилинишига барча кучимизни сафарбар қилишимиз зарур.

Шу сабабли ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак.

Энди 2022 йилда ижтимоий-иқтисодий соҳасида амалга ошириш зарур бўлган дастурий ва мақсадли вазифаларга тўхталиб ўтмоқчиман.

Бугунги кунда туманда хизматлар соҳасининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 45 фоизни ташкил этади. Ваҳоланки, хорижий мамлакатларда бу кўрсаткич ўртача 60 фоизга тўғри келади.

Тумандаги мавжуд тадбиркорлик субъектларини соғломлаштириш, кредитлар бериш, кредит таътиллари бериш, солиқ имтиёзлари бериш, инфраструктура ва коммуникациясини яхшилашда ёрдам бериш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали ҳудуддаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлашга эришиш пировард мақсадимиз бўлиб қолади.

Маҳсулотларимизни ички ва ташқи бозорларга етказиш, уларнинг таннархини тушириш учун транспорт-логистика соҳасини ривожлантиришимиз зарур.

Келаси йилда ҳар бир маҳаллага тайинланган ҳоким ёрдамчилари фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиш, барча муаммони маҳалланинг ўзида ҳал этиш, бир сўз билан айтганда тумандаги 70 та маҳаллаларда ҳокимият марказларини ташкил этиш орқали тумандаги барча аҳолини қамраб олишни бош мақсад қилиб олдик.

Иқтисодиётни юқори суръатлар билан ривожлантириш учун фаол инвестиция сиёсатини изчил давом эттириш зарур.

2022-2026 йилларда туманда жами 13,1 трлн. сўмга тенг шундан, 418,0 млн.доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция бўлган 163 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган ҳамда мазкур лойиҳалар доирасида 21002 та янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилмоқда.

Жумладан, 2022 йилда 5,4 трлн. сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиши ҳамда 35 та янги йирик қувватлар ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Жумладан, "UZAKAY INSHAAT" МЧЖнинг “Турар жой мажмуасини қуриш”, "ENDO NARIS" МЧЖнинг “Тиббиёт муассасасини ташкил этиш” лойиҳалари ишга туширилиши кўзда тутилмоқда.

Инвестиция жалб этишнинг самарали воситаларидан бири бўлган давлат-хусусий шериклик механизмларини транспорт, энергетика, йўл, коммунал, тиббиёт, таълим каби соҳаларга кенг татбиқ этиш керак.

Соҳани ривожлантириш бўйича ишлатилмаган заҳиралар жуда катта. Шу боис, хизматлар соҳасининг стратегик йўналишларини, бу борада туман мутасад-диларининг келгуси йилдаги хизматлар ҳажмини кескин оширишимиз керак бўлади.

Барқарор иқтисодий ўсишнинг энг муҳим гарови – рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, улар учун янги халқаро бозорлар топиш ва экспортни кўпайтириш, транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш ҳисобланади.

Жорий йилда жами экспорт ҳажми 64,4 млн. долларни ташкил этиб, шундан 63,2 млн. доллар саноат, 1,2 млн. доллар мева-сабзавотлар ҳисобига амалга оширилди. Келгуси йилда экспорт ҳажмини 72,0 млн. долларга етказишни олдимизга мақсад қилиб олдик.

Бундан ташқари ёшлар билан ишлаш борасида ҳам бир қатор режаларни мақсад қилиб қўйдик. Хусусан, 2022 йилда ёшлар билан ишлашнинг янгича тизими янада самарали ва сифатли ташкиллаштирилиши режалаштирилиб, ишларни “хонадонбай” ташкил этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, 2022 йил давомида “Ёшлар жамғармаси” мабалағлари ҳисобидан 700 нафардан ортиқ ёшларга 5 млрд. сўмдан зиёд иқтисодий-ижтимоий ёрдам кўрсатилиши режалаштирилган.

Келгуси йилда ижтимоий соҳада ҳам қатор ишлар амалга оширилади. Жумладан,

Қибрай туманидан Мирзо Улуғбек туманига ўтган ҳудудлардаги 4 та мактабгача таълим ташкилотларини мукаммал таъмирлаш ва қўшимча 1 та янги мактабгача таълим ташкилоти барпо этиш;

2 та умумтаълим мактабларни капитал таъмирлаш ва қўшимча 1 та умумтаълим мактабини барпо этиш;

Чингелди маҳалласидаги 26-сонли поликлиникани мукаммал таъмирлаш, унинг филиалини барпо этиш ва зарур тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, шунингдек 26-сонли оилавий поликлиника тасарруфидаги уч қаватли бўш турган бинони мукаммал таъмирлаш ва асосий оилавий поликлиника сифатида фойдаланишга топшириш;

“Чингелди” маҳалласи ҳудудида “Маданият маркази”ни барпо этиш ва зарур моддий-техника базасини шакллантириш бўйича ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича махсус дастурнинг манзилли рўйхатига киритилган. (Вазирлар Маҳкамаси қарори №702, 19.11.2021й)

“Обод маҳалла” давлат дастури доирасида Боғимайдон маҳалласидаги 2 та мактабгача таълим ташкилотлари реконструкция қилиниши ва 6 млрд. 205 млн. сўм пул маблағлари ҳамда “Турон” маҳалласидаги 2 та мактабгача таълим ташкилотларига 5 млрд. 680 млн. сўм пул маблағлари ажратилиши ва реконструкция қилиниши ҳамда 597-сонли мактабгача таълим ташкилотга 4 млрд. 865 млн. сўм пул маблағлари ажратилиб, мукаммал таъмирланиши режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, тумандаги 54-сонли умумтаълим мактаби биносида капитал таъмирлаш ишлари амалга ошириш ишлари бошланиб, 210 ўринли фаоллар зали ҳамда ўқувчи-ёшлар ва устозлар учун янги ошхона барпо этилмоқда. Ушбу қурилиш-таъмирлаш ишлари 2022 йил III чорагига қадар тўлиқ якунланиши режалаштирилмоқда.

“Обод маҳалла” давлат дастури доирасида “Турон” маҳалласида жойлашган 71А-сонли умумтаълим мактабига 8 млрд. сўм пул маблағлари ажратилиши ва мукаммал таъмирланиши режалаштирилган.

Шунингдек, Мирзо Улуғбек туманида ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш ҳамда фаоллар томонидан билдирилган муаммоларни бартараф этиш бўйича йўл харита тасдиқланиб, унга кўра:

“Катта Қорасув” маҳалласи, 8-сонли оилавий поликлиника биносини капитал таъмирлаш ҳамда зарур мебель жиҳозлари, тиббий ускуналар (стационар УЗИ, физиотерапия аппарати) билан таъминлаш;

“Катта Олтинтепа” маҳалласи ҳудудидаги туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими биносини капитал таъмирлаш ва махсус тиббий анжомлар билан таъминлаш;

“Аҳиллик” маҳалласи ҳудудидаги 6-сонли оилавий поликлиникада аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш мақсадида рақамли рентген аппарати билан таъминлаш;

“Дархон” маҳалласида жойлашган 9-сонли оилавий поликлиникада аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни ташкиллаштириш мақсадида капитал таъмирлаш ҳамда мебель жиҳозлари билан таъминлаш;

“Шахрисабз” маҳалласи ҳудудида жойлашган 6-сонли туғруқ комплекси биносини капитал таъмирлаш;

“Бўз” маҳалласи ҳудудидаги 4-сон оилавий поликлиника биносини таъмирлаш, рақамли рентген аппарати, юмшоқ ва қаттиқ мебель жиҳозлари билан таъминлаш;

“Шаҳриобод” маҳалласи ҳудудида жойлашган 7-сонли оилавий поликлиника биносини капитал таъмирлаш ва зарур тиббий анжомлар (УЗИ, рақамли рентген аппарати, физиотерапия аппарати) билан таъминлаш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, туман тиббиёт муассасалари томонидан “Соғлом турмуш тарзи” шиори остида ҳар бир маҳаллаларда чуқурлаштирилган бепул тиббий кўриклар ва соғлом турмуш тарзига риоя этилиши бўйича тарғибот ишлари олиб борилади.

Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар, блоггерлар томонидан туманимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланиш жараёнларини ҳар томонлама таҳлил қилиб, жойлардаги ижтимоий муаммолар, хато ва камчиликларни давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборига етказишидаги фаолиятини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ҳамда кейинги йилда ҳам ушбу ишларни янада жадалллаштириш йўлидан боради.

Азиз дўстлар!

Сўнгги йилларда юртбошимизнинг оқилона сиёсати билан мамлакатимизда прогрессив ўзгаришлар содир бўлмоқда.

Барча депутатларимизга, улар орқали туманимиз аҳолисига мурожаат қилиб айтмоқчиман – Давлатимиз Раҳбари таъкидлаганларидек, демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир. Бу борада биз ҳар куни изланишимиз, илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, ҳаётимизни, иш услубимизни янгилашга ҳаракат қилишимиз лозим.

Олдимизда бизни улкан вазифалар, катта имкониятлар кутмоқда.

Биз – ҳеч қачон меҳнатдан қочмайдиган, қийинчиликдан қўрқмайдиган, адолатни қадрлайдиган, азму шижоатли буюк халқмиз.

Барчамиз бир тану бир жон бўлиб, якдил ва аҳил бўлиб ҳаракат қилсак, ҳалол-пок бўлиб, яхши ният билан меҳнат қилсак, ҳар қандай марраларни эгаллашга имконимиз мавжуд.

Дарҳақиқат, Давлатимиз Раҳбари бошчилигида бошлаган барча хайрли ишларимиз, албатта ижобат бўлади.

Сўзим якунида барчангизга оилавий бахт ва саодат, сиҳат-саломатлик, чексиз куч-ғайрат, ютуқ ва омадлар тилайман".

Мурожаат сўнгида депутатларимиз томонидан “Обод маҳалла” дастури ва маҳалла ҳаётига дахлдор масалалар ўртага ташланган бўлса, Тошкент вилояти Қибрай туманидан Мирзо Улуғбек туманига қўшилган маҳаллаларда 2022 йилга мўлжалланган асосий масалаларга ойдинлик киритилди.

Сессиядан сўнг Оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ташкил этилди. Унда туман ҳокими Шавкатбек Иргашев журналистларнинг саволларига атрофлича жавоб берди.

Киритилди: 15:24 14.12.2021. Ўқилди: 2741 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!