Трампнинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер сентябр ойида Москвага ташрифи чоғида Россия газини АҚШ воситачилигида Европа харидорларига етказиб беришни назарда тутувчи ташаббусни илгари сурган.
The Wall Street Journal нашрининг манбаларга таяниб хабар беришича, бу америкалик инвесторлар учун ҳам иқтисодий имкониятлар яратиши мумкин.
Вашингтон ушбу механизмни Россия ва Украина ўртасида энергетика объектларига зарбаларни тўхтатишга қаратилган эҳтимолий келишувнинг бир қисми сифатида кўрган.
Бироқ октябр ойида ташаббус иккинчи даражага тушиб қолган. WSJ маълумотича, АҚШ томони эътиборини кенг қамровли тинчлик келишувига қаратган.
Нашрнинг ёзишича, америкалик музокарачилар Россия газининг Европа бозорига қайтиши Москва учун келишувга рози бўлишга иқтисодий рағбат яратиши, Украина эса газ транзитидан қўшимча даромад олиши мумкин, деб ҳисобламоқда.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ушбу ташаббусга муносабат билдириб, ҳозирги вазиятда Украина орқали газ транзитини тиклаш имконияти йўқлигини айтди.
«Ҳозирча бу ҳақда гапириш қийин. Жойлардаги вазият бундай режаларни айни пайтда амалга ошириш имконсизлигини яққол кўрсатиб турибди», – деди у журналистларга.
Шу билан бирга, Песков келажакда вазият ўзгариши мумкинлигини истисно этмаган. Унинг сўзларига кўра, бу харидорлар ва сотувчиларнинг хоҳиши ҳамда имкониятларига боғлиқ.
WSJ маълумотига кўра, Россия ҳозирча АҚШнинг энергетика соҳасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш борасидаги уринишларини рад этмоқда.
Европа Иттифоқида эса Россия гази импортини 2027 йил охирига қадар тўлиқ тўхтатиш режалаштирилган.