Тошкент вилояти Божхона қўмиталари ва Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) билан ҳамкорликда ўтказилган кенг қамровли махсус операция давомида Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган 26,8 килограммдан ортиқ гиёҳванд модда мусодара қилинди, деб хабар бермоқда Vaib.uz.
Дастлаб Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасида ноқонуний тарзда чегарани кесиб ўтган 39 ёшли Тожикистон фуқароси қўлга олинди. Унинг сумкаси кўздан кечирилганда, 15 та ўрамда қадоқланган 14 кг 584 грамм гашиш аниқланиб, мусодара қилинди.
Кейинги тезкор ҳаракатлар натижасида гиёҳванд модданинг буюртмачиси аниқланиб, Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида 56 ёшли эркак ушбу модда етказиб берилаётганда қўлга олинди. Унинг жиноятга алоқадорлигини тасдиқловчи далиллар ҳам топилди.
Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг Бекобод туманида 33 ёшли эркак Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган 9 кг 467 грамм опийни сотмоқчи бўлганида қўлга олинди. Дастлабки тергов маълумотларига кўра, ушбу опийни Тожикистондан Сурхондарё вилоятига тожикистонлик куръэр олиб келган, сўнгра уни Денов туманида яшовчи 30 ёшли эркак қабул қилиб олиб, Тошкент вилоятига етказган. У ҳам қўлга олинди.
Махсус операция давомида Қўқон шаҳрида “Лаcетти” русумли автомобил тўхтатилиб, унинг йўловчиси — 1967 йилда туғилган эркак танасига яширган 1 кг 759 грамм гашиш аниқланиб, мусодара қилинди. Фарғона шаҳрида эса “Запороже” автомобили тўхтатилиб, салонидан 995 грамм гашиш топилди.
Ўтказилган тадбирлар давомида жами 26 кг 805 грамм Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган гиёҳванд моддалар мусодара қилинди.
Қўлга олинган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят ишлари қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.