Бугун 14 ноябрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори йилига 2 фоиз ўсган

Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори йилига 2 фоиз ўсган

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази уй-жой кўчмас мулк бозоридаги вазиятни таҳлил қилди. Қайд этилишича, октябрь ойида уй-жой бозори савдоларида бироз ўсиш кўзатилиб, сўнгги икки ойдаги пасайиш тўхтади. Уй-жой сотувлари Тошкент ва Жиззах вилоятларида ўсишни ва Қорақалпоғистонда ижобий ўзгаришларни кўрсатди. Иккиламчи бозорда нархлар деярли ўзгармади, уй-жой ижара бозоридаги вазият ҳам барқарорлашди.

Октябрь ойида кўчмас мулк бозори ижобий динамикани кўрсатди. Рўйхатга олинган кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони сентябрь ойига нисбатан 0,6 фоизга ошиб, 21,4 мингтани ташкил этган.

Кўчмас мулк бозори фаоллиги йилига 2 фоиз ўсиши, унинг тикланишидан далолат беради. Октябрь ойида кўчмас мулк бозорининг ҳудудлар кесимидаги динамикаси Тошкент вилоятида (+10 фоиз) сезиларли ўсганини, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси (+8,1 фоиз) ва Жиззах вилоятида (+7,5 фоиз) ижобий ўзгаришларни кўрсатмоқда. 10 ойлик маълумотларга кўра, олтита ҳудудда фаоллик пасайган, энг катта пасайиш Хоразм, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида кузатилган.

Октябрь ойида республика бўйича иккиламчи уй-жойлар бозори нархлари деярли ўзгармади. Ой давомида иккиламчи кўчмас мулк бозорида энг катта ўсиш Андижон – 5,1 фоиз ва Сирдарё – 3,3 фоиз вилоятларида қайд этилди. Еттита ҳудудда иккиламчи уй-жой нархининг пасайиши кузатилган бўлса, энг катта пасайиш Наманган – 3,4 фоиз, Хоразм – 3,2 фоиз ва Самарқанд – 2,5 фоиз вилоятларида қайд этилди.

Иккиламчи уй-жойларнинг энг мақбул нархи Қорақалпоғистон Республикасида кузатилди, бу ерда квадрат метр учун ўртача нарх 328 долларни ташкил этади. Иккиламчи уй-жойларнинг энг юқори нархи Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлиб, квадрат метр учун ўртача 1100 долларни ташкил этди. Пойтахтнинг Бектемир - 3,9 фоиз ва Яшнобод - 3,1 фоиз туманларида сезиларли пасайиш қайд этилди.

Умуман олганда, республика бўйича иккиламчи бозорда бир квадрат метр уй-жойнинг ўртача қиймати йил давомида 6,5 фоиз ошган бўлса, Тошкент шаҳрида шу даврда 1,3 фоиз пасайиш кузатилди.

Тошкент шаҳрида уй-жой ижара нархлари барқарорлашуви давом этди. Ўртача ижара нархи ўтган ойга нисбатан ўзгармаган – 1 кв. м. учун 8,3 АҚШ доллари.

Ой давомида пойтахтнинг 14 та марказий туманларидан 5 тасида уй-жой ижараси нархи пасайди. Энг катта пасайиш Сергели ва Учтепа туманларида кузатилиб, бу туманларда ижара нархи ўртача 4,5 фоиз камайди. Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи юқорилигича қолмоқда, бу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10-11 долларни ташкил этади. Шу билан бирга, энг арзон уй-жой ижараси Бектемир ва Сергели туманларида кузатилмоқда. Бу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 6 долларни ташкил этади.

Умуман олганда Тошкент шаҳрида йил давомида уй-жой ижараси 12 фоиздан кўпроқ камайди. Энг катта пасайиш Яшнобод – 18 фоиз, Сергели – 17 фоиз ва Мирзо Улуғбек - 15,2 фоиз туманларида қайд этилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозори Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг тадқиқот йўналишларидан бири бўлиб, унда бирламчи ва иккиламчи кўчмас мулк бозорларидаги фаоллик динамикаси тақдим этиб борилади.

Киритилди: 11:10 13.11.2024. Ўқилди: 301 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!