Рақобат қўмитаси кредит тўловлари бўйича ҳисоб-китоб механизмини истеъмолчилар фойдасига қайта кўриб чиқиш юзасидан Марказий банкка таклиф юборди.
Қайд этилишича, айрим банкларда кредит бўйича ойлик тўловдан ортиқча тўланган маблағлар асосий қарзни камайтиришга йўналтирилмасдан, транзит ҳисобварақларда сақланиб қолмоқда. Бунинг оқибатида асосий қарз камаймай, унга фоиз ҳисобланиши давом этмоқда.
Масалан, «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Ҳамкорбанк»нинг кредит шартномаларида ортиқча тўловни асосий қарзга йўналтириш мажбурияти аниқ белгиланган.
Бироқ, амалда ушбу талаб бажарилмаётгани, ортиқча маблағлар транзит ҳисобварақда қолиб, асосий қарзга фоиз ҳисобланиши, банк мобил иловаларида кредит тўловлари билан боғлиқ жараёнларни бошқариш имкониятлари етарли эмаслиги маълум бўлмоқда.
Ортиқча тўланган маблағнинг асосий қарзга йўналтирилмаслиги ва унга фоиз ҳисобланишининг давом этиши «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун талабларига зид ҳисобланади, — дейилади хабарда.
Шунингдек, банк хизматлари истеъмолчилари билан муносабатларга оид Низомга кўра, ойлик тўловдан ортиқ келиб тушган маблағ, агар шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, асосий қарзни сўндиришга йўналтирилиши ва кредит суммаси қайта ҳисобланиши лозим, банк дастурий таъминотидаги носозликлар эса истеъмолчи мажбуриятларининг ортишига олиб келмаслиги керак.
Натижада, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва интизомли кредит тўловчиларни рағбатлантириш мақсадида Қўмита томонидан Марказий банкка қуйидаги таклифлар киритилди:
• жорий амалиёт ва хорижий тажриба асосида банк хизматлари истеъмолчилари билан муносабатларга оид Низомнинг ортиқча тўловларни асосий қарзга йўналтириш тартибини белгиловчи 37-банди талабларини истеъмолчилар манфаатларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш;
• кредит ҳисоб-китоблари, жумладан, муддатидан олдин тўлаш шартларини бевосита қонун даражасида, хусусан, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонун билан тартибга солиш.