Ўзбекистонда термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойлар яшаш учун яроқсиз деб топилса аҳоли бошқа уй-жой билан таъминланади. Бу ҳақда ҳукуматнинг 11 ноябрдаги қарорида кўзда тутилган.
Қарор билан термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш ва яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Маъмурий регламентга мувофиқ ушбу давлат хизмати 2025 йил 1 январдан бошлаб туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан тузиладиган Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш комиссияси томонидан Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилиши белгиланган. Бироқ Ягона портал ушбу хизмат 2024 йил ноябрь ойидаёқ ишга туширилганини эълон қилди.
Ариза берувчилар давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига шахсан келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДXПда рўйхатдан ўтади.
Ариза берувчи Давлат хизматлари марказига шахсан келиб мурожаат этганда, тегишли сўровнома Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг 10 дақиқа мобайнида комиссияга электрон шаклда юборилади. ЯИДXП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда комиссияга юборилади.
Комиссия 7 иш куни давомида сўровномани кўриб чиқиб, уй-жой жойлашган ҳудудга чиққан ҳолда қуйидагиларни аниқлайди:
Ўрганиш натижасида комиссия томонидан уй-жойнинг термитлар ва бошқа ҳашоратлардан зарарланганлиги натижасида яроқсиз ҳолатга келганлигини тасдиқлаш ёки рад этиш QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ҳолда расмийлаштирилган хулоса Давлат хизматлари марказига (шахсан келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ЯИДXП орқали ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) юборилади.
Бунда ўрганиш натижасида уй-жойнинг яроқсиз ҳолатга келганлиги тасдиқланса, хабарнома қўшимча равишда тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига уй-жойни яшашга мўлжалланмаган жойлар тоифасига ўтказиш ҳамда уй-жой фондидан чиқариш масаласини кўриб чиқиш учун юборилади.
Ариза берувчига берилган хулоса келгусида уни белгиланган тартибда давлат томонидан уй-жой билан таъминлаш учун асос ҳисобланади.