Бугун 20 октябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Ўзбекистон ва Хитой сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон ва Хитой сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

Тошкентда Ўзбекистон–Хитой экспертлар кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт, технологик кооперация ва қўшма илмий ишланмаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

2026 йил 19 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ҳамда Хитой Ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти ҳамкорлигида Ўзбекистон–Хитой экспертлар кенгашининг «Рақамли шериклик: сунъий интеллект ва янги авлод маълумотлар иқтисодиёти» мавзусидаги иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг етакчи таҳлилий, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, давлат идоралари ҳамда дипломатик ваколатхоналар вакиллари иштирок этди.

Муҳокамаларда рақамли трансформация стратегиялари, сунъий интеллектни тартибга солиш, инвестиция ва инновацияларни ривожлантириш, малакали мутахассислар тайёрлаш ҳамда қўшма технологик лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

СМТИ директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов сунъий интеллект ва маълумотлар иқтисодиёти мамлакатларнинг рақобатбардошлиги, давлат бошқаруви самарадорлиги ҳамда технологик хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, Ўзбекистонда «Рақамли Ўзбекистон – 2030», «Ўзбекистон – 2030» стратегиялари ва сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси доирасида рақамли инфратузилмани такомиллаштириш, ҳисоблаш қувватларини ошириш ва интеллектуал ечимларни иқтисодиёт тармоқларига жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Таъкидланганидек, сўнгги беш йилда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми уч баробарга ошиб, 2025 йил якунида қарийб 18 миллиард долларни ташкил этди. Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган тўғридан тўғри инвестициялари ҳажми 17 миллиард долларга етди, Хитой капитали иштирокидаги корхоналар сони эса 6,5 мингдан ошди. Қатъий келишувларга асосланган лойиҳалар портфели қарийб 60 миллиард долларни ташкил қилмоқда.

Шу билан бирга, томонлар ҳамкорликни анъанавий савдо ва инвестиция йўналишларидан юқори технологиялар, сунъий интеллект, робототехника ва «яшил» энергетика соҳаларига кенгайтириш муҳимлигини қайд этди.

Акрамжон Неъматовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон–Хитой технологик шериклиги фақат тайёр технологияларни харид қилиш билан чекланмаслиги, балки технологиялар трансфери, муҳандислик салоҳиятини ошириш, мутахассислар тайёрлаш ва қўшма илмий-тадқиқот ишланмаларини ривожлантиришни ҳам қамраб олиши лозим.

Шу нуқтаи назардан, ҳисоблаш инфратузилмаси ва маълумотларни қайта ишлаш марказларини ривожлантириш, сунъий интеллект ечимларини саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда давлат бошқарувига жорий этиш, илмий тадқиқотлар ва кадрлар тайёрлашни кенгайтириш, электрон тижорат ва рақамли молияни ривожлантириш, шунингдек, киберхавфсизликни мустаҳкамлаш устувор йўналишлар сифатида белгиланди.

Учрашувда Ўзбекистон–Хитой сунъий интеллектни ривожлантириш марказини ташкил этиш ташаббусини амалга ошириш, қўшма тажриба лойиҳаларини йўлга қўйиш ва ўзбек тилидаги тил моделларини ишлаб чиқиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Шунингдек, сунъий интеллектдан фойдаланишда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инновацияларни қўллаб-қувватлаш ва технологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган мувозанатли ёндашувларни ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Қўшма технологик ҳамкорлик имкониятларига мисол сифатида «Ўзбеккосмос» агентлиги ва STAR.VISION компанияси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган «Samarkand-2028» Ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдоши келтирилди. Мазкур лойиҳада ўзбекистонлик муҳандислар томонидан яратилган сунъий интеллект модулидан фойдаланиш ер мониторинги, экологик вазиятни баҳолаш ва табиий ресурсларни бошқаришда янги имкониятлар очиши қайд этилди.

Хитойлик экспертлар Ўзбекистоннинг рақамли инфратузилма ва миллий инновацион экотизимни ривожлантириш борасидаги ютуқларини эътироф этиб, мамлакатнинг ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳасида минтақавий марказга айланиш салоҳияти ортиб бораётганини таъкидлади.

Муҳокамаларда Рақамли ипак йўлини ривожлантириш, рақамли хизматлар ва маълумотлар алмашинувини кенгайтириш ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари билан Хитой ўртасидаги технологик алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.

Йиғилиш якунида иштирокчилар экспертлар мулоқотини изчил давом эттириш, сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда икки мамлакатнинг илмий, технологик ва ишбилармонлик салоҳиятини бирлаштиришга қаратилган амалий ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.

Киритилди: 21:35 19.10.2026. Ўқилди: 277 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!