Бугун 28 апрель, 2025 йил, душанба

O'ZB

Ўзбекистон ва Германия ўртасида мутахассислар тайёрлаш бўйича илк қўшма таълим дастури татбиқ этилади

Ўзбекистон ва Германия ўртасида мутахассислар тайёрлаш бўйича илк қўшма таълим дастури татбиқ этилади

Бугун Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва Германиянинг “OPASCA GmbH” компанияси бош директори Алексей Свердлов ўртасида бўлиб ўтган учрашувда тиббиёт соҳасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътибор қаратилди. Хусусан, унда Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида Германия билан 2+1 қўшма таълим дастури доирасида ташкил этилаётган “Ҳамширалик иши” бакалавриат таълим йўналиши фаолиятини самарали йўлга қўйиш масаласи муҳокама марказида бўлди.

Учрашувда қайд этилганидек, ушбу дастур Ўзбекистон ва Германия ўртасида мутахассислар тайёрлашдаги илк қўшма таълим дастури бўлгани билан аҳамиятлидир. Бу борада икки томонлама ҳамкорлик келишуви имзоланиб, жорий ўқув йилидан дастурни амалга татбиқ этиш бўйича иш олиб борилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, томонлар ўртасидаги ўзаро келишувга асосан “Ҳамширалик иши” бакалавриат таълим йўналиши талабалари икки йил Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида таълим олгач, бир йил Германиядаги Мангейм университети клиникаси академиясида таҳсилни давом эттиради.

Таълимни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга Германияда тан олинадиган диплом ҳамда Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг давлат намунасидаги дипломи тақдим этилади.

Талабалар ўқишни тамомлагач Германия тиббиёт муассасаларида доимий муносиб иш ўрнига эга бўлади. Ҳар ўқув йилида қўшма таълим дастури доирасида ташкил этиладиган “Ҳамширалик иши” бакалавриат таълим йўналишига 150 та қабул квотаси ажратилиши кўзда тутилмоқда.

– Ўзбекистон ва Германия давлатлари ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланиб бораётгани ўзининг амалий самарасини беради, – деди Германиянинг “OPASCA GmbH” компанияси бош директори Алексей Свердлов. – Хусусан, бундай илиқ муносабатлар тиббиёт йўналишида ёрқинроқ намоён бўлмоқда. Бу галги Ўзбекистонга ташрифимиз айнан малакали кадрлар тайёрлаш масаласидаги ҳамкорлик билан боғлиқ. Бугун Фарғона вилояти ҳокимлигида ўтказилган учрашувда биз 2+1 қўшма таълим дастурини татбиқ этишни мақсад қилдик. Ушбу дастур доирасида талабалар Германияда таълим олиш имкониятига эга бўлади. Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашувда томонлар Фарғона вилояти тиббиёт тизимини ривожлантиришда Германиянинг илғор тажрибасини жорий қилиш ва ўзаро тажирба алмашиш масалалари хусусида ҳам юритди.

Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш мумкинки, 2022 йил 25-30 июль кунлари Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегация Германияга ташриф буюрган эди. Унда Мангейм университети клиникасида эришилган келишувлар самараси бўлган ушбу лойиҳа “OPASCA GmbH” компанияси билан ҳамкорликда татбиқ этилмоқда.

Киритилди: 06:27 23.08.2023. Ўқилди: 1568 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!