Жорий йил январь ойида Президент Шавкат Мирзиёев қурилиш ишлари якуний босқичга етган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, жараён билан танишган эди.
Президент ташрифидан сўнг берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида март ойида Марказ Васийлик Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтган. Васийлик Кенгаши раиси – Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида ўтган кенгайтирилган йиғилишда Марказ экспозициясини бойитиш, илмий ва инновацион лойиҳаларни амалиётга жорий этиш ҳамда ижтимоий-маърифий ва илмий-амалий маскан сифатидаги фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинган.
Ушбу йиғилишда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб сентябрда очилиши кутилаётган Марказда Махсус штаб фаолият юритаётган бўлиб, 10 та йўналиш бўйича Ишчи гуруҳлар муҳокамалар ўтказиб келмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кенгайтирилган Илмий кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳам қизғин мунозаралар остида ўтди. Унда Кенгаш аъзолари, ишчи гуруҳ раҳбарлари, жумладан, тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова, Ўз ФА вице-президенти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори, профессор Баҳром Абдуҳалимов, академик Акбар Ҳакимов ҳамда Марказ раҳбарияти ва ходимлар иштирок этди.
Кенгаш йиғилишида Марказ экспозицияси йўналишлари, ИЦМ биноси таркибидаги Анжуманлар зали вестибюли учун тавсия этилаётган ранг-тасвир асарлари концепцияси, Марказ музей кутубхонаси фондини бойитиш каби қатор масалалар ҳамда лойиҳаларни амалга оширишдаги техник топшириқлар муҳокама қилинди.
Хусусан, йиғилишда Марказнинг ташриф қоғозига айланиши кутилаётган “Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс пойдевори” экспозициясининг бўлимлари сони 7 тадан 9 тага оширилиши маълум қилинди. Янги қўшилган бўлимларда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги фаоллиги ва ташаббуслари ҳамда ёшлар қўлга киритаётган ютуқлар, уларга яратилаётган имкониятлар ва натижалар рамзий акс эттирилади.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасановнинг маълум қилишича, марказ фаолияти билан аҳоли вакилларини яқиндан таништириш мақсадида вилоятларга махсус “Маърифат карвони” юборилади. Улар жойларда тарғибот, ташвиқот ва тушунтириш ишларини олиб боришади. “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусида “Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирлари жорий йилда ҳам Марказ билан ҳамкорликда кўтаринки руҳда амалга оширилиши маълум қилинди.
Йиғилиш давомида марказ бош илмий ходими Зоҳидулла Мунавваров “Анжуманлар зали вестибюли учун тавсия этилаётган ранг-тасвир асарлари концепцияси”ни тақдимот қилди.
Маълумки, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясининг барча бўлимларидан “Вақт девори”га ўрин ажратилган. Унинг қуйи қисмида ўша даврда кузатилган ютуқлар, илмий кашфиётлар ёритилади. Юқори қисми учун маҳобатли ранг-тасвир асарлари яратилади.
Хусусан, “Иккинчи Ренессанс даври” экспозициясининг давлатчилик тарихига бағишланган “Вақт девори“да Амир Темур давлатчилиги, унинг даврида рўй берган муҳим ўзгаришлар, темурийлар даврида давлат ва жамият бошқарув тизими, илм-фан ва маданиятнинг ривожланиши, бобурий ҳукмдорлар давридаги воқеалар, тарихий шахслар миниатюра орқали композицияда, шунингдек, давр тарихи солномаси мониторларда намойиш этилади.
Солнома Амир Темурнинг ҳокимият устига келишидан бошлаб, хонликлар даврининг сўнгига қадар юртимизда рўй берган ютуқлар ва кашфиётларни акс эттиради. Юқори қисмидан эса шу жараёнларнинг бадиий талқини ўрин олади. Айнан шу даврда юртимизда миниатюра санъати юқори даражада ривожланган. Таъкидлаш жоизки, кенгайтирилган Илмий кенгаш қарори билан бу даврда кечган жараёнларнинг мазмун-моҳиятини ўзида мужассамлаштирган миниатюралардан тўплам яратиш, энг нодирларини саралаб олиб, тақдим этишга келишиб олинди.
Марказ музей экспозицияси фонди кутубхонаси фондини бойитиш ва техник топшириқлар юзасидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхона директори тақдимоти тингланди. Унга кўра марказ кутубхонаси, нафақат маҳаллий, қолаверса, хорижий китобхонларга ҳам хизмат кўрсатади. Шунингдек, Марказ кутубхонасида алоҳида болаларга ажратилган бўлим бўлиб, у фақатгина марказ ходимлари болаларига эмас ва тадқиқотчилар, кутубхоначилар фарзандларига ҳам хизмат қилади.
— Китоблар очиқ фондларда сақланади. Жавонларда ҳам ойналар бўлмайди. Китоблардан китобхонлар бемалол фойдалана олади. Бу ерда китобхон ўз-ўзига хизмат кўрсатади. Кутубхонада нодир китоблар бўлиши кўзда тутилмоқда. Улардан фойдаланишда ҳам бирор бир чеклов қўйилмайди. Китоблар муҳофазасига алоҳида эътибор қаратилиб, уларни бактериялардан ҳимоя қилувчи махсус ускуналар ўрнатилади. Кутубхонанинг босма фонди 30 минг, электрон фонди 350 минг китобдан иборат бўлади. Бундан ташқари ҳали фонд тасарруфига киритиладиган китоблар мавжуд. Марказ кутубхонаси қошида биринчи маротаба тор ихтисослик йўналишида манбашунослик ўқув курси йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, Марказ кутубхонаси фондидан Луи Брайль ёзувидаги бўртма нуқтали китоблар ва аудио китоблар ўрин олади. Кутубхона кенг қамровли, замонавий шу билан бирга хорижий меҳмонларга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда, — деди Умида Тешабоева.
Марказда сифат жиҳатдан жаҳон стандартларига мос келадиган нашриёт бўлиши режа қилинмоқда. Унда кейинчалик ҳам Марказ фондини бойитадиган китоблар ва Ўзбекистон маданияти ва тарихига оид китоблар, фото-альбомлар, қўлланмалар чоп этилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, йиғилишда витрина, муляжлар, макет ва факсимилеларга буюртма бериш бўйича ишчи гуруҳ Низоми лойиҳаси тақдимот қилинди. Маълум қилинишича, Марказ ишчи гуруҳи томонидан 1000 та экспонат каталоги яратилган. Уларнинг сонини 2000 га етказиш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини музейлаштириш, нодир артефактлар тўплаш ва уларнинг муляжларини ясаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Экспонатлар Марказга шунчаки жойлаштирилмайди. Улар учун хориж стандартлари асосида ясалган махсус витриналар ҳозирланади. Ҳозир витриналарга буюртмалар бериш бўйича иш олиб борилмоқда. Бунинг учун аввало, экспонатлар сонини билиш керак. Шу мақсадда Марказ томонидан тузилган ишчи гуруҳ ёрдамида экспонатлар каталоги яратилди.
— Витриналар танланаётганда экспонатларни сақлаш, намойиш этиш ва кўчириш учун қулай бўлишига аҳамият қаратилмоқда. Витриналарни ясаш учун хорижнинг нуфузли компаниялари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади. Маҳаллий олимлар витриналарнинг шакли ва ранги бўйича турли фикрлар билдиришяпти. Биз барча фикрларни умумлаштириб, экспозициямиз учун энг муқобилини танлаб оламиз, – деди ИЦМ катта илмий ходими Алишер Эгамов.
Йиғилишда маълум қилинишича, Марказ учун ясалган витриналар кўчма кўргазмалар ўтказиш учун ҳам қулай бўлиб, музей фондлари турли ҳудудларда намойиш этилиши таъминланади. Йиғилишда шу каби ўнлаб масалалар муҳокама этилди.
Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбарининг Ўзбекистондаги мегалойиҳа – Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида аждодларимизнинг дунё тамаддунига қўшган ҳиссасини кенг миқёсда кўрсатиб бериш, ёшларимизнинг ана шу буюк тарихий меросга садоқат руҳида тарбиялаш, келгусида бу ноёб замонавий масканда турли илмий муҳокамалар, баҳс-мунозаралар ўтказиш, долзарб ғоя ва кашфиётларни илгари суриш, янги илмий контентлар ишлаб чиқиш учун барча шароитлар яратилиши, унинг маъно-мазмунини янада бойитиш ва такомиллаштириш бўйича берган зарур кўрсатмаларидан келиб чиқиб, марказ экспозициясини мазмунли контентлар, тарихий артефактлар ва муляжлар билан бойитиш мақсадида 2000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик олимлар, мутахассислар бирлашган. Жами 800 дан зиёд лойиҳалар ишлаб чиқилиб, 3 босқичда амалга оширилади. Айни пайтда дастлабки босқич бошланган, унда 400 дан ортиқ лойиҳалар устида Илмий кенгаш аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда ишлар жадал олиб бориляпти.
Айни кунларда эса 2000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик олимлар, мутахассислар иштирокида Ўзбекистондаги мегалойиҳа – Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясидан ўрин оладиган, Илмий кенгаш йиғилишларида муҳокама қилиниб, маъқулланган лойиҳалар бўйича шартномалар имзоланмоқда.