Қозоғистон Россия билан уруш ҳақида гапирди.
Россия Қозоғистоннинг "стратегик ҳамкори" бўлиб қолмоқда, яқинда қабул қилинган "Ҳудудий мудофаа тўғрисида"ги қонун эса фақат ички хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, Россияга қарши йўналтирилмаган. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бир қатор оммавий ахборот воситаларида тарқалган, вазирлик томонидан ёлғон ва чалғитувчи деб баҳоланган нашрларга изоҳ берар экан, маълум қилди.
"Россия Қозоғистоннинг стратегик шериги ҳисобланади, уни КХШТ, МДҲ, ШҲТ ва EОИИ доирасидаги яхши қўшничилик ва иттифоқчилик алоқалари боғлаб туради. "Ҳудудий мудофаа тўғрисида"ги қонун лойиҳасининг гўё Россияга қарши йўналтирилганлиги ҳақидаги баёнотлар ҳақиқатга тўғри келмайди ва юз бераётган воқеаларнинг моҳиятини нотўғри акс эттиради," - дея таъкидланди вазирликнинг расмий баёнотида.
"Ҳудудий мудофаа тўғрисида"ги қонун Қозоғистон парламенти Мажлиси томонидан 2025 йилнинг апрель ойида қабул қилинган. Ҳужжат ҳарбий ҳолат даврида кўнгилли ўзини ўзи мудофаа қилиш отрядларини ташкил этишни назарда тутади. Бу тузилмалар стратегик объектларни қўриқлаш, мудофаа иншоотларини барпо этиш, эвакуацияни уюштириш ва бошқа вазифаларни бажариши керак. Зарур ҳолларда улар жанговар вазифаларни бажариш учун Қуролли Кучлар таркибига киритилиши мумкин. Ҳозирда қонун тасдиқлаш учун Сенатга йўлланган.
Қонун қабул қилингач, бир қатор хорижий ва минтақавий оммавий ахборот воситаларида Қозоғистон гўё Россия билан урушга тайёрланаётгани ҳақидаги даъволар пайдо бўлди. Бунга сабаб, қонунга илова қилинган ҳужжатларга кўра, ҳудудий мудофаанинг энг йирик гуруҳларидан бири гўё Россия Федерацияси билан чегарада жойлаштирилиши айтилган. Шу билан бирга, Қозоғистон ва Россия ўртасидаги чегара дунёдаги энг узун қуруқлик чегараси ҳисобланиб, унинг узунлиги 7,5 минг километрдан ошади.