Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 октябрь куни Саудия Арабистонининг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Тадбирда Подшоҳликнинг инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ, “ACWA Power”, “Al Muhaidib Group”, “Vision Invest”, “Data Volt”, “Riyadh Cables”, “AlMajdiah”, “InterHealth”, “Saudi Tabreed”, “AlBawani Holding”, “Miahona”, “Pemco” ва бошқа етакчи компания ва корпорациялари иштирок этди.
Учрашув аввалида Президентимиз икки давлат раҳбарларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли кейинги йилларда Ўзбекистон-Саудия кўп қиррали шериклик муносабатлари юксак даражага кўтарилганини алоҳида таъкидлади.
Қўшма лойиҳаларнинг умумий портфели 27 миллиард доллардан ошди. Шу билан бирга, жорий йил бошидан буён юртимизда Саудиянинг 2 миллиард долларлик инвестициялари ўзлаштирилди. Ўзаро савдо ҳажми барқарор ошиб бормоқда. Авиақатновлар сони ҳафтасига 60 мартадан ортди.
Бугун икки мамлакат ўртасидаги самарали ва узоқ муддатли шерикликнинг яна бир ёрқин далили бўлган тарихий лойиҳа – янги Тошкент халқаро аэропортининг қурилишига тамал тоши қўйилиши алоҳида таъкидланди.
- Ўзбекистоннинг иқтисодий трансформациясига, унинг ривожланишига катта ҳисса қўшаётган саудиялик ҳамкорларимизни биз доим юксак қадрлаймиз, - деди Президент.
Сўнг Ўзбекистон етакчиси ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини кўрсатиб, энергетика соҳасидаги лойиҳалар алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Бугунги кунда "ACWA Power" компанияси томонидан мамлакатимизда 15 миллиард долларлик лойиҳалар, жумладан, ҳудудларда шамол ва қуёш электр станцияларини қуриш, "яшил" водородни ривожлантириш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Бундай лойиҳаларда ўзимизнинг ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларидан кенг фойдаланиш саноатимиз салоҳияти ривожланишига хизмат қилади.
Ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. "Data Volt" компанияси Тошкент шаҳрида замонавий маълумотлар марказини ташкил этиш лойиҳасини муваффақиятли амалга оширмоқда. Янги Тошкент ва Бухорода шундай марказлар қурилишини, шунингдек, Саудия Арабистони компанияларининг рақамли ташаббуслардаги иштирокини қўллаб-қувватлашга тайёрлик билдирилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон вольфрам, молибден, магний, литий, графит, титан ва бошқа стратегик муҳим фойдали қазилмаларнинг катта захираларига эга.
Тошкент ва Самарқанд вилоятларида "Келажак металлари технопарки" ташкил этилиб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Шу муносабат билан мамлакатимиз етакчиси саудиялик инвесторларни геология-қидирув ишларини олиб бориш ва хомашёни қазиб олишдан тортиб, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараёнлардаги лойиҳаларда фаол иштирок этишга таклиф этди.
Инфратузилма соҳасида "Miahona" компанияси билан Фарғона ва Жиззах шаҳарларида оқова сувларни тозалаш, Қорақалпоғистонда сув таъминоти тизимларини ривожлантириш ва насос станцияларини модернизация қилиш лойиҳалари бўйича муваффақиятли ҳамкорлик қилинаётгани қайд этилди.
Шунингдек, "Saudi Tabreed" компанияси билан коммунал соҳани ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.
Президентимиз Подшоҳлик компанияларини инфратузилмани модернизация қилиш ва аҳоли турмуш сифатини оширишга қаратилган янги ўзаро манфаатли лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақирди.
Ўз навбатида, Саудия Арабистони етакчи ишбилармон доиралари вакиллари Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий сиёсати, барқарор ўсиши ва қулай инвестициявий муҳитини юқори баҳолаб, мамлакатимизда ўзаро манфаатли шерикликни янада чуқурлаштириш, аниқ лойиҳа ва дастурларни илгари суриш режаларини баён қилдилар.