АҚШ президенти Дональд Трамп Мадрид мудофаа харажатларини ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизигача оширишдан бош тортгани сабабли Испаниядан импорт қилинадиган маҳсулотларга тарифлар жорий этиш ниятида эканлигини маълум қилди.
Бу ҳақда Америка етакчиси Оқ уйда журналистларга маълум қилган.
"Мен Испаниядан жуда норозиман. Улар мудофаа харажатларини 5 фоизга оширмаган ягона НАТО давлатидир. Мен Испанияни тарифлар билан жазолашни ўйлаяпман", - деди Трамп.
Аввалроқ Трамп Финляндия президенти Александр Стубб билан учрашувда Испания мудофаа харажатлари бўйича НАТОга аъзо давлатлардан сезиларли даражада ортда қолаётганини таъкидлаган эди.
"Бизда битта ортда қолганимиз бор, бу Испания. Биз уларга қўнғироқ қилиб, нима учун орқада қолишаётганини аниқлашимиз керак. Уларда ҳеч қандай баҳона йўқ. Балки, очиғини айтганда, уларни НАТОдан чиқариб юбориш керакдир", - дея қўшимча қилди у.
Ўз навбатида, Испания ҳукумати мудофаа харажатларини белгиланган даражага оширмасдан туриб, ўз қуролли кучларининг тайёргарлигини ошириш бўйича НАТО билан келишилган барча ташаббусларни амалга оширишга қодирлигини даъво қилмоқда.