Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Манас шаҳри келажакда мамлакат пойтахтига айланиши мумкинлигини истисно этмади.
Ташиевнинг сўзларига кўра, 2026 йилда Манасга республика аҳамиятидаги учинчи шаҳар мақоми берилиши режалаштирилган. У Жалолобод номининг ўзгаришини стратегик жиҳатдан тўғри қарор деб атаб, Манаснинг мамлакат ривожланишидаги роли ортиб бораётганини таъкидлади.
“Баъзилар Манас пойтахт бўлади, дейишмоқда. Агар бунга лойиқ бўлсак — нега йўқ? Аммо бунинг учун шаҳар ҳам, халқ ҳам тайёр бўлиши зарур. Пойтахт бўлиш — катта масъулият, молиявий, инфратузилмавий ва руҳий тайёргарлик талаб этади”, — деди Ташиев.
Ҳозирда Манасда қурилиш ишлари фаол олиб борилмоқда, уни замонавий марказга айлантириш устида иш кетмоқда. Жалолобод шаҳри номи 17 сентябрь куни расман Манас деб ўзгартирилган.