Бугун 10 июль, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Ўтган йили йўл-транспорт ҳодисасида 2 минг 203 нафар фуқаро ҳалок бўлган

Ўтган йили йўл-транспорт ҳодисасида 2 минг 203 нафар фуқаро ҳалок бўлган

Ўзбекистон Президенти раислигида йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва тирбандликни камайтиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Йиғилишда охирги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар таҳлил қилиниб, ҳал этилиши лозим бўлган масалалар белгилаб берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида сўнгги 7 йилда йўл соҳасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. Маълум қилинишича, 2017 йилгача ажратилган маблағларга нисбатан 3,5 баробар кўп — 61 трлн сўм йўлларни қуриш ва таъмирлашга йўналтирилган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларига келиш 50 фоизга камайди. Бу натижага онлайн мурожаат тизими орқали эришилди. Шунингдек, 3 минг 365 нафар ЙҲХХ ходими замонавий планшет ва бодикамералар билан таъминланди. Қоидабузарликларни сунъий интеллект саралаб, қарор чиқараётгани қайд этилди.

Йўл чизиқлари, техник кўрик ва ҳайдовчилик имтиҳонлари каби 8 та хизмат аутсорсингга топширилиб, хусусий сектор жалб қилинди. Жамоат транспорти учун махсус йўлаклар ташкил қилинди. Шунингдек, ҳайдовчилар учун қатор енгилликлар жорий этилди — масалан, йўл чизиғини босиш ҳолатини камера орқали қайд этиш бекор қилинди.

Шаҳарларда йўлларни кундузи таъмирлаш тақиқланди, кечқурун жамоат транспорти йўлакларидан бошқа ҳайдовчилар фойдаланиши мумкин бўлди. Радар ўрнатилган ҳудудларда йўл белгисини қўйиш мажбурийлиги ҳам белгиланди.

Президент йиғилишда ҳали ечимини кутаётган масалалар кўплигини таъкидлади. Йўл-транспорт ҳодисалари туфайли иқтисодиётга етказилаётган зарар ялпи ички маҳсулотнинг 0,4 фоизини ташкил қилаётгани қайд этилди. Фақат ўтган йилининг ўзида 9 минг 364 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган бўлиб, уларда қарийб 9 минг киши жароҳат олган ва 2 минг 203 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

Энг кўп ўлим ҳолатлари Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида кузатилмоқда.

Киритилди: 16:04 09.07.2025. Ўқилди: 352 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!