Россияда тожикистонлик бола миллатчи ўсмир томонидан ўлдирилгани сабабли Россиянинг Душанбедаги элчиси ТИВга чақиртирилди — “Медуза”.
Нашр хабарига кўра, гап Москва вилоятидаги мактабнинг 4-синф ўқувчиси Қобилжон Алиевнинг ўлдирилиши ҳақида бормоқда.
Тожикистон ТИВ баёнотида айтилишича, Россия элчисига мазкур фожиали ҳодиса бўйича зудлик билан, холис ва беғараз тергов ўтказиш, шунингдек барча айбдорларни қонун доирасида энг қатъий жавобгарликка тортиш талаби билан нота топширилган.
Тожикистон ТИВ бола ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирган ва Москвадаги элчихонага марҳумнинг яқинлари ва қариндошлари билан доимий алоқада бўлиш топширилганини маълум қилган.
9 ёшли Қобилжон Алиев 16 декабр куни Москва вилоятининг Горки-2 аҳоли пунктидаги мактабга миллатчи ўсмирнинг пичоқли ҳужуми оқибатида ҳалок бўлди. Унга шу мактабнинг 9-синфида ўқийдиган 15 ёшли Тимофей К. пичоқ билан ўлимга олиб келувчи жароҳатлар етказган. Ҳужумчи ўз ҳаракатларини видеога олиб, шахсий Теlegram-каналида эълон қилган. Видеода у болаларга ҳужум қилишдан олдин уларнинг қайси миллатга мансублигини сўраган. Ҳозирда Тимофей қўлга олинган.