31 ёшли Германия фуқароси Александер Герц Украина Қуролли кучларининг 53-алоҳида механизациялаштирилган бригадасида жанговар тиббиёт ходими бўлиб хизмат қилмоқда. У фронтда уч йилдан бери бўлиб, «Хаски» позивнойи билан танилган. Александер ўзининг фронтдаги тажрибаси ҳақида «Дронлар соясида» (Im Schatten der Drohnen) номли китоб ҳам ёзган.
Александер Германияда этник немислар оиласида туғилиб, вояга етган. Унинг айтишича, онаси Украинадан, отаси эса Россиядан. Унинг фронтга бориш қарорига ҳам оилавий келиб чиқиши қисман таъсир кўрсатган.
«Мен бу воқеаларни (Россиянинг кенг кўламли урушини — таҳр.) шунчаки кузатиб тура олмасдим. Онамнинг ватани шу ерда эканини ва бу ватан азият чекаётганини ҳис қилдим», — деди у DW нашрига берган интервьюсида.
Герц Украинага илк бор 2012 йилда мактаб ўқувчилари алмашинуви дастури доирасида келган. Унинг сўзларига кўра, ўшандаёқ украиналиклар билан руҳан яқинликни ҳис қилган ва ўзини «ўз ўрнида» эканини англаган.
Александер Украинадаги уруш ғалаба билан якунлангунига қадар хизмат қилиш ниятида эканини билдирган.
«Украина Қуролли кучларига қўшилганимда, ўзимга уруш тугагунига қадар қолишимни айтгандим. Ростини айтсам, бу тугашини анча эртароқ кутгандим. Ҳар йили ўзимга шу гапни такрорлардим. Ҳозир эса бунинг унчалик маъноси қолмаганини тушундим. Шунчаки тишни тишга қўйиб, олдинга ҳаракат қилиш керак», — деди у.