Бугун 11 октябрь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Африка давлатлари Украинадан Россияга алданиб ёлланган фуқароларини ҳарбий асир эмас, одам савдоси қурбонлари деб тан олишни сўрамоқда

Африка давлатлари Украинадан Россияга алданиб ёлланган фуқароларини ҳарбий асир эмас, одам савдоси қурбонлари деб тан олишни сўрамоқда

Кения ҳукумати Украинада асирликда сақланаётган ўз фуқароларини ватанга қайтариш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Кения ташқи ишлар вазири Мусалия Мудавадининг айтишича, айрим фуқаролар ишга жойлаштириш ҳақидаги ёлғон ваъдалар орқали Россияга жалб қилинган. Бу ташаббусни Зимбабве ва Ботсвана ҳам қўллаб-қувватлаган. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, Украинадаги ҳарбий асирлар лагерларида камида 213 нафар хорижлик фуқаро сақланмоқда. Уларнинг 37 нафари Африка давлатлари фуқароларидир.

Мудавадининг билдиришича, Кения ҳозирда беш нафар фуқаросини қайтариш бўйича музокара олиб бормоқда. Уларнинг энг ёши 23 да. Кения президенти Уильям Руто бу масала юзасидан Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилган. Аввалроқ Ботсвана ташқи ишлар вазирлиги ҳам бир нафар фуқаросини қайтариш истагини билдирган эди.

Африка давлатлари айрим фуқаролари Россияга алданиб олиб келингани ва кейинчалик ҳарбий хизматга мажбурланганини таъкидламоқда. Расмийларнинг сўзларига кўра, уларга ҳайдовчи, қўриқчи ёки ошпаз каби фуқаролик касбларида ишлаш ваъда қилинган.

Кения ташқи ишлар вазири мамлакат ушбу шахсларни ҳарбий асирлар эмас, балки «халқаро одам савдоси қурбонлари» деб тан олишларини исташини билдирди. Унинг айтишича, фуқаролар ишга ёллаш жараёнида ёлғон ваъдалар берилганини маълум қилган.

Вазир тақдим этган маълумотларга кўра, Украинадаги урушда тахминан 84 нафар кениялик ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган. Яна 34 нафар кениялик Россияда жароҳатларидан даволанмоқда. Умуман олганда, урушда иштирок этган 62 нафар Кения фуқароси ҳозиргача ватанга қайтарилган.

Украина томони Россия 135 та мамлакатдан 28 мингдан ортиқ хорижликни ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш учун ёллаганини даъво қилмоқда. Киев маълумотларига кўра, уларнинг 5 мингдан ортиғи ҳалок бўлган, 51 та мамлакат фуқаролари эса Украинада асирликда сақланмоқда.

Россия бу маълумотларни расман тан олмаган. Москва ўзининг уруш олиб бориш учун етарли инсон ресурсларига эга эканини таъкидлаб келади.

Бироқ асирликдаги хорижликларнинг ватанга қайтиши мураккаб масала бўлиб қолмоқда. Украина улар ҳарбий асир мақомига эга бўлгани сабабли Россияда ушлаб турилган украиналик асирларга алмаштирилиши мумкинлигини билдирмоқда.

Киритилди: 21:30 09.10.2026. Ўқилди: 3481 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!