Бугун 10 октябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

«Андижон» клуби «Бухоро»га қарши ўйиндаги ҳакамликка жиддий эътироз билдирди

«Андижон» клуби «Бухоро»га қарши ўйиндаги ҳакамликка жиддий эътироз билдирди

Суперлиганинг 23-турида «Андижон» сафарда «Бухоро»га қарши баҳс олиб борди. Мартин Боакье ва Бекзод Сулаймоновнинг голлари «Андижон»га 2:0 ҳисобида устунлик берди. Бироқ 81-, 84- ва 90+5-дақиқаларда ўтказиб юборилган голлар андижонликларнинг аламли мағлубиятга учратди.

«Андижон» матбуот хизмати мазкур ўйинни бошқарган ҳакамлар бир нечта эпизодлар бўйича ўз эътирозини маълум қилди.

"38-дақиқа. Ҳакамнинг реакцияси қани?

Майдон маркази яқинида тўп «Андижон» футболчиси Рустам Турдимуродовга ҳаводан келаётган маҳал рақиб ўйинчиси уни қўли билан ушлаб, тўхтатиб қолди. Шу тариқа жамоамизнинг ҳужуми тўхтатилди.

Энг қизиғи, бош ҳакам Рустам Чориев ушбу қоидабузарликка умуман реакция билдирмади. На фол, на жазо — ўйин давом этди.

Рақиб футболчисининг қўл билан ушлаб қолиши очиқ кўриниб турган вазиятда ҳакамнинг бундай ҳаракатсизлиги қандай изоҳланади? Қоидалар барча жамоалар учун бир хил бўлиши керак эмасми?

63-дақиқа. Қизил карточка ўрнига сариқ карточка!

Мартин Боакье дарвозабон билан бирга-бир чиқиб бораётган вазиятда «Бухоро» ҳимоячиси Кирилл Тодоров уни очиқдан-очиқ ушлаб қолди.

Бу — «Андижон»нинг гол уриши мумкин бўлган имкониятини йўққа чиқарган сўнгги умид фоли эди. Аммо бош ҳакам Тодоровни майдондан четлатиш ўрнига унга сариқ карточка кўрсатди.

Нима учун қизил карточка берилмади? Боакьенинг гол уриш имкониятига тўсқинлик қилинганини кўрсатувчи ушбу эпизодда ҳакамнинг қарори жиддий эътироз уйғотади.

82-дақиқа. Баҳсли аутдан кейин гол!

«Андижон» захира ўриндиғи олдида тўп рақиб футболчисидан майдон ташқарисига чиқди. Қанот ҳаками жамоамиз фойдасига байроқ кўтарди. Аммо бош ҳакам Рустам Чориев тескари қарор чиқариб, аутни «Бухоро»га берди.

Бунинг ўзи етмагандек, рақиб футболчиси аутни тўп чиққан жойдан анча олдинроқда ташлади. Ҳужум давом этди ва «Бухоро» гол урди.

Шундай қилиб, «Андижон» фойдасига бўлиши керак бўлган аут рақибга берилди ва ортидан гол киритилди. Қанот ҳакамининг қарори нима учун инобатга олинмади? Нега ҳакамларнинг фикри бир жойдан чиқмади? Аут нега бошқа жойдан ташланишига йўл қўйилди? Бу эпизодга Ҳакамлар қўмитаси аниқ изоҳ бериши шарт!

90+1-дақиқа. Жарима майдонидаги қўл — пенальти йўқ

Бекзод Сулаймоновнинг рақиб жарима майдони ичига узатган тўпидан кейин «Бухоро» ҳимоячиси Хуршид Мухторов тўпга қўли билан тегди. Аммо бош ҳакам пенальти белгиламади.

«Андижон»нинг эътирози аниқ: жарима майдонидаги ушбу ҳолат нима учун пенальти сифатида баҳоланмади? Видеоэпизод ҳакамлар томонидан жиддий кўриб чиқилиши керак бўлган вазиятлардан биридир.

90+3-дақиқа. Иккинчи қўл, иккинчи пенальтисиз қарор

Орадан икки дақиқа ўтиб, яна Хуршид Мухторов. Мартин Боакье билан тўп учун курашда ҳимоячи тўпга қўли билан тегди ва унинг йўналишини ўзгартирди. Чориев эса яна пенальти белгиламади.

Қисқа вақт ичида бир ҳимоячи иштирокида иккита қўл билан ўйнаш эпизоди, аммо «Андижон» фойдасига бирорта ҳам пенальти йўқ. Бу вазиятларда VAR нима билан банд эди? Эпизодлар текширилдими? Текширилган бўлса, қандай хулосага келинди?

Бу саволлар жавобсиз қолмаслиги керак.

38-дақиқада Турдимуродовнинг қўл билан ушлаб тўхтатилишига реакция бўлмади. 63-дақиқада Боакьега нисбатан қоидабузарлик учун қизил карточка берилмади. 82-дақиқадаги баҳсли аутдан кейин «Бухоро» гол урди. 90+1 ва 90+3-дақиқаларда эса жарима майдонидаги иккита қўл билан ўйнаш ҳолатига қарамай, пенальти белгиланмади.

«Андижон» футболчилари ғалаба учун бор кучини сарфлади. Мухлислар жамоани қўллаб-қувватлаш учун узоқ йўл босиб келди. Аммо ўйин якунида аламли мағлубият ва ҳакамлик қарорлари билан боғлиқ жиддий эътирозлар қолди.

Футболда ҳакамнинг вазифаси — қоидаларни холис қўллаш ва ўйин тақдирига таъсир қилувчи вазиятларда тўғри қарор чиқариш. «Бухоро» — «Андижон» учрашувида эса Рустам Чориевнинг бир қатор қарорлари ана шу вазифа қай даражада бажарилгани ҳақида жиддий саволлар туғдирди.

Ҳакамлар қўмитасидан ушбу вазиятлар бўйича расмий муносабат кутамиз. Ҳар бир ҳолат видеёзувлар асосида таҳлил қилиниши ва қабул қилинган қарорларга аниқ баҳо берилиши шарт.

Чунки футболда натижа майдонда ҳал бўлиши керак. Ҳакамлик эса жамоаларнинг меҳнати ва мухлисларнинг ишончини шубҳа остида қолдирмаслиги лозим", — дейилади "Андижон" матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Киритилди: Бугун 08:40. Ўқилди: 1158 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!