Индонезиядаги ўрмон ёнғинлари ҳавони ифлослантиргани сабабли қўшни Малайзияда бир қанча мактаблар ёпилди. Бу ҳақда мамлакат Таълим вазирлиги маълум қилди.
Ҳавонинг ифлосланиш даражаси инсон саломатлиги учун зарарли кўрсаткичга етган. Жабрланган ҳудудларга Малайзия ярим оролидаги Жоҳор, Малакка, Негери Сембилан, Селангор штатлари, шунингдек, Куала Лумпур ва унинг маъмурий маркази Путражая киради.
Таълим вазири Фадҳлина Сидекнинг сўзларига кўра, Паханг штатининг Ромпин туманидаги мактаблар ҳам ёпилади. Шу сабабли 9 октябрь, жума куни таълим муассасалари фаолият юритмайди.
“Мен барча штатларнинг таълим департаментлари ва туман таълим бўлимларидан ифлосланган ҳаво ҳолатини кузатишда давом этишни ҳамда вазият талаб қилса, зудлик билан чоралар кўришни сўрадим”, деди вазир.
Малайзиянинг ҳаво ифлосланиш индекси (API) ҳаво сифатини 101 дан 200 гача “зарарли”, 201 дан 300 гача “ўта зарарли” ва 300 дан юқорини “хавфли” деб таснифлайди.
Ҳукумат маълумотларига кўра, 9 октябрь куни эрталаб 37 та ҳудудда “носоғлом” API даражаси қайд этилган.