Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Green University”) да 21 март — “Халқаро ўрмонлар куни”га бағишланган халқаро форум бўлиб ўтди.
Форумда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Бош прокурор ўринбосари Шерзод Тўхтабоев, Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Эркин Муҳиддинов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси Хайрулло Гаппоров, соҳа ходимлари, халқаро экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни очиб берган Экология вазири Азиз Абдуҳакимов ўрмонларнинг аҳамияти ва юртимизда ўрмонзорлар барпо этиш, яшиллик даражасини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, ўрмон ҳудудларини кенгайтириш ва уларни қайта тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканлигини таъкидлади.
“Ўрмонлар экологик хавфсизликни таъминлаш, барқарорликни асраш, биологик хилма-хилликни муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, иқлим ўзгаришини юмшатиш, ҳаво ва сувимизни тозалаш, бутун дунё бўйлаб миллионлаб инсонларнинг турмуш тарзини яхшилашда ҳам катта рол ўйнайди, — деди А.Абдуҳакимов. — Афсуски, бугунги кунда дунё миқёсида ўрмонлар ҳудуди камайиб бормоқда, натижада экологик вазият ёмонлашмоқда. Бу эса инсониятни мавжуд ўрмонларни сақлаб қолиш, яшиллик даражасини ошириш ҳақида чуқурроқ мулоҳаза юритиш ва бу борада бирлашишга ундайди. Шундай экан, ўрмонларни муҳофаза қилиш доимий вазифамиз бўлиб қолишини асло унутмаслигимиз керак”.
Вазир, шунингдек, ўрмон хўжалиги соҳасида меҳнат қилиб келаётган ходимларнинг меҳнатларини алоҳида эътироф этиб, уларни ушбу сана билан самимий табриклади ва келгусидаги фаолиятларига муваффақиятлар тилади.
Тадбирда сўзга чиққан Бош прокурор ўринбосари Шерзод Тўхтабоев ҳам соҳа фидоийларини байрам билан табриклаб, меҳнат фаолиятларида юксак муваффақиятлар тилади. Шу билан бирга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ҳамкорлик янада самарали бўлишига ишонч билдирди.
Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Эркин Муҳитдинов эса амалга оширилаётган ишлар, хусусан, чўлланишнинг олдини олиш, ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишда соҳа ходимларининг хизматлари катта эканлигини қайд этди. Шундан сўнг соҳада узоқ йиллардан буён самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ ходимлар “Ўрмон фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Шунингдек, форумда ўрмончилар томонидан етиштирилаётган доривор ва бошқа маҳсулотлар кўргазмалари, дарахтларни асрашга қаратилган “Ота эккан дарахт” спектакли тақдим этилди. Форум якунида меҳмонлар учун “Green University ” ҳудуди бўйлаб экскурсия уюштирилди.
Маълумот учун, ўрмон фонди ерларининг умумий майдони 12 млн 100 минг гектар бўлиб, республика умумий ер майдонининг 26 фоизини ташкил этади. Ўрмон фонди ерларининг 10 млн 200 минг гектари (84 фоиз) чўл, 1 млн 640 минг гектари (13 фоиз) тоғ, 260 минг гектари (3 фоиз) тўқай ва водий ҳудудларидан иборат.
2024 йилда республикада ўрмон билан қопланган майдонлар 3650 минг гектарга ва ўрмон билан қопланганлик даражаси 8,1 фоизга етказилди. Республикада экологик вазиятни барқарорлаштириш мақсадида 220 минг гектар майдонларда ўрмонлар барпо қилинди ва қайта тикланди. Жумладан, Орол денгизи туби ва Оролбўйи ҳудудларида қум кўчиши ҳамда атмосфера ҳавосига туз-чанг кўтарилишини бартараф этиш мақсадида жами 215 минг гектар, шундан, Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида 112 минг 500 гектар, Бухоро вилояти Олот туманида 41 минг гектар, Навоий вилояти Томди, Учқудуқ туманларида 51 минг 300 гектар ва Хоразм вилояти Тупроққалъа туманида 10 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” яратилди.
Бундан ташқари, барча ўрмон хўжаликларида тупроқ-иқлим шароитларга мос бўлган кўчат етиштириш бўйича 1300 гектар майдонда ниҳолхона-кўчатхоналар ташкил этилиб, 127 млн туп ниҳол-кўчатлар етиштириш йўлга қўйилди. Қолаверса, республиканинг чўл, тоғолди ҳудудларида эрозия ва ерлар деградациясининг олдини олишга қаратилган 2 500 гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорлари, 134 та шаҳар ва туманларда 347 гектар майдонда “яшил боғлар” барпо этилди.