Жаҳоннинг турли давлатларида яшовчи 460 га яқин яҳудий намояндалари – илм-фан, маданият ва сиёсат арбоблари БМТ ҳамда дунё етакчиларига Исроил ҳукуматига қарши жазо чоралари қўллашни сўраб мурожаатнома йўллади. Мурожаат муаллифлари Исроилнинг ишғол остидаги Фаластин ерларидаги (Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддус) ҳаракатларини виждонсизлик ва геноцид деб атаган.
Баёнотга имзо чекканлар орасида Исроил парламентининг собиқ спикери Авраам Бург, Исроилнинг тинчлик бўйича собиқ музокарачиси Дэниел Леви, “Оскар” мукофоти соҳиби, кинорежиссёр Жонатан Глейзер, америкалик актёр Уоллес Шон, британиялик ёзувчи Майкл Розен, канадалик адиба Наоми Кляйн, Пулицер мукофоти совриндори Бенжамин Мозер, “Эмми” мукофоти соҳиблари Илана Глейзер ва Ҳанна Эйнбиндер бор.
“Чексиз қайғудан бошимиз эгилган: Исроилнинг хатти-ҳаракатларини юридик жиҳатдан ҳам геноцид деб баҳолаш учун далиллар кўпайиб бормоқда... Фаластинликлар билан бирдамлигимиз асло яҳудийликка хиёнат эмас, балки унга садоқат талабидир. Бизнинг донишмандларимиз бу ёруғда дунёда бир одамни ўлдириш бутун дунё аҳлини ўлдиришга тенг эканидан огоҳлантирганларида фаластинликларни истисно этмаганлар, албатта. Биз (Ғазо секторида) ўт очишни тўхтатиш (бутун Фаластин ерларида) оккупация ва апартеид сиёсатининг барҳам топишига олиб келмагунча тинчимаймиз”, – дейилади мурожаатномада.
Жорий йил 10 октябрь куни Ғазо секторида давом этган икки йиллик урушни тўхтатиш ҳақида битим имзоланган эди. Мазкур битим омонат ва мўрт эканига эътибор қаратган мурожаат муаллифлари Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳилида ошиб бораётган зўравонликка ҳам чек қўйиш лозимлигини таъкидлаганлар.
Мурожаатномада БМТ ҳамда халқаро ҳамжамиятдан Исроилнинг халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя этишини таъминлаш, мазкур давлатга нисбатан санкциялар жорий этиш ва қурол етказишни тўхтатиш сўралган.
Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан кейин, икки йил давомида камида 68216 нафар фаластинлик ўлдирилди. 10 октябрь кунги оташкесим битимидан кейин ҳам Исроил ҳужуми оқибатида 100 га яқин фаластинлик ҳалок бўлган.
Аввалроқ Лондон университети ҳузуридаги Ҳоллоуэй қироллик коллежи олимлари Исроил томонидан Ғазо секторида олиб борилаётган урушда ҳудуд аҳолисининг 4 фоизи ёки 80 мингдан зиёди ўлдирилганини маълум қилганди. Экспертлар “XXI асрдаги бошқа бирор урушда бундай ҳолат кузатилмаган” деган хулосага келган.
Жорий йил сентябрь ойи БМТ комиссияси Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини геноцид деб тан олди.
БМТ ҳисоботига кўра, Фаластиннинг ишғол остидаги бошқа ҳудуди – Ғарбий Соҳилда ҳам зўравонлик кучайиб бормоқда. 2025 йил мобайнида 3200 нафар фаластинлик Ғарбий Соҳилда ноқонуний равишда яшаётган яҳудийлар ҳужумига учраган.
Буюк Британияда жойлашган “Save the Children” ташкилоти таҳлилларига қараганда, сўнгги икки йил ичида Ғарбий Соҳилда болаларни ўлдириш кўрсаткичи кескин ортган.
Жорий йил июль ойида Исроил парламенти (Кнессет) Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳили “яҳудий халқи тарихий ватанининг ажралмас қисми” экани иддао қилган ҳолда, ҳудудни қўшиб олиш ҳақида ҳужжат қабул қилган эди. Бу ҳаракат халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланган.
Исроилнинг амалдаги ҳукумати олиб бораётган жанговар сиёсат ва хунрезлик амалиётлари ҳатто яҳудийлар томонидан ҳам танқид қилинмоқда.
Бир неча ой аввал Исроилдаги икки етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилоти – B'Tselem ҳамда Physicians for Human Rights мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳукуматини фаластинликларга нисбатан геноцид содир этишда айблаган эди.
“The Washington Post” газетаси жорий йил сентябрь ойида ўтказган ижтимоий сўровга кўра, АҚШда яшовчи яҳудийларнинг 61 фоизи Исроил Ғазо секторида фаластинликларга нисбатан ҳарбий жиноятлар содир этган деб ҳисоблайди. 39 фоизи эса бу ҳаракатлар геноцид эканига ишонч билдирган.