Курск вилоятида Украина Қуролли кучлари механизациялашган ҳужумларнинг янги тўлқинини бошлади ва русларнинг орқа чекиниш йўлида, Суджадан жануби-шарқда олдинга силжиди. Бу ҳақда Урушни ўрганиш институти (ISW) таҳлилчиларининг сўнгги ҳисоботида маълум қилинган.
"Украина кучлари Махновкадан жануби-ғарбда ҳамда 38К-028 Суджа-Обойян йўли бўйлаб Черкасская Конопелкадан шимол ва шарқда жойлашган позицияларни эгаллаб, Колмаков ва ФанасеЭвкани қўлга киритди," - деб таъкидланади ҳисоботда.
Таҳлилчиларнинг аниқлаштиршича, Украина кучлари тахминан бир батальон ҳажмида бўлган ва 5 км масофага олдинга силжиган. Шарҳ қисмида келтирилган россиялик ҳарбий мухбирларнинг маълумотларига кўра, Украина Қуролли кучлари 30 тадан 50 тагача зирҳли техникадан фойдаланган ҳолда ҳужум қилган.
ISW Россия Федерациясининг Украина Қуролли Кучларининг олдинга силжишидан хавотирда эканлигини таъкидлади, чунки бу Россия гуруҳининг Суджа жанубидаги орқа ҳудудларига таҳдид солиши ва русларнинг Украина қуруқликдаги алоқа йўлларини тўсиб қўйиш имкониятини қийинлаштириши мумкин.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Украина Қуролли Кучларининг Курск вилоятидаги ҳужум ҳаракатлари давом этмоқда, бу эса Украина билан чегарада жойлашган Россия бўлинмаларига қўшимча босим ўтказмоқда.
Россиялик "ҳарбий мухбир" Владимир Романов ҳозирда Фанасеевка ва Черкасская Конопелка аҳоли пунктлари Украина Қуролли Кучлари назорати остида эканлигини билдирмоқда. Шу билан бирга, гўё ушбу аҳоли пунктлари атрофида Россия қўшинлари мавжуд, бироқ уларнинг сони оз бўлиб, қўшимча кучларни кутмоқда. Романовнинг сўзларига кўра, Украина Қуролли Кучлари фронтнинг ушбу қисмида муваффақиятга эришган, бунга Россия Қуролли Кучлари қўмондонларининг жанг майдонидаги ҳақиқий вазият ҳақида ёлғон маълумот бергани сабаб бўлган. З-каналлар кеча 11-ҳаво-десант бригадаси қўмондони лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар бермоқда, аммо янги қўмондон жанг майдонидаги вазиятни ўзгартира олиши гумон. Шунингдек, ҳарбий экспертлар Куриловкада жойлашган рус қўшинлари "ўт қопқони"га тушиб қолганини таъкидлашмоқда.