Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Украинанинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади. Бу ҳақда у 31 октябрь куни Истанбулда Украина президенти Володимир Зеленский билан ўтказилган музокаралардан сўнг маълум қилди.
Учрашувда Қора денгиз хавфсизлиги асосий мавзулардан бири бўлди. Президентлар денгиз орқали ғалла ташиш имконини берувчи «дон йўлаги»ни қайта тиклаш устида ишлашга келишиб олди.
Эрдўған Қора денгизда фуқаролик кемаларига ҳужум қилишни қабул қилиб бўлмас ҳолат деб атаб, барча томонларни вазминликка чақирди.
Зеленскийнинг билдиришича, ноябрнинг биринчи ярмида Украина, Россия ва АҚШ иштирокида уч томонлама музокаралар ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда. Президентлар ушбу жараёнга Туркия ва Европа давлатларини жалб этиш, шунингдек, учрашувларни Туркияда ташкил қилиш имкониятини муҳокама қилди.
Томонлар мудофаа саноатида ҳамкорликни кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ҳам қизиқиш билдирди.
Иқтисодий муносабатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Эрдўғаннинг таъкидлашича, икки мамлакат ўртасидаги эркин савдо битими 1 октябрдан кучга кирган. Бу ўзаро савдо ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш мақсадига хизмат қилиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Зеленский келаси ҳафта Туркиядан Украинага генераторлар ва бошқа энергетика ускуналари етказиб бериш ҳажми оширилишини маълум қилди.
Эрдўған эса Анқара Украинада тинчлик ўрнатишга қаратилган дипломатик ташаббусларни қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирди.