Ҳар қайси даврда мактаб келажак кафолати бўлиб келган. Қадим замонлардан то бугунги кунга қадар таълим масканларига катта эътибор берилган. Масалан, мустамлака даврида жадидларимиз халқни уйғотиш, маънавий эркинликка эришиш учун айнан мактабдан фойдаланишган.
“МЕНИ НИМА ҚИЙНАЙДИ? МАКТАБДАГИ ШАРОИТ”
Давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг дастлабки ислоҳотларидан бири ҳам айнан мактабларга эътибор қаратиш бўлди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки чекка-чекка ҳудудларда талабга умуман жавоб бермайдиган таълим масканлари етарлича эди. Ваҳоланки, айнан шу чекка ҳудудларда иқтидорли, билимга чанқоқ ёшлар талайгина. Бўғиқ шароит эса бу иқтидорнинг шунчаки йўққа чиқишига сабаб бўларди. Шу боис давлатимиз раҳбари Учинчи Ренессанс йўлида аввало мактабларни талабга жавоб берадиган ҳолатга келтириш кераклигини таъкидлади. Хусусан, жорий йилнинг 12 май куни бўлиб ўтган ва макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлашга бағишланган видеоселектор йиғилишида: «Мени нима қийнайди десангиз, айтаман: мактабдаги шароит. Мактабдаги аҳволларни кўрса, одам тавба деб юборади. Шу 4 йилда мактабга жуда кўп эътибор бердик, аммо муаммолар ҳали ҳам кўп. Камчиликларни 27 йил кўриб-кўрмасликка олганмиз. Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанддаги мактабларнинг аҳволини яхши биламан», — дея алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, «Учинчи Ренессансга пойдевор қураётган даврда, маблағларни тўғри сарфлаб, мактабларга биринчи навбатда йўналтирмаса, китоб, шароит, ўқитувчининг иш ҳақини жой-жойига қўйилмаса, ниятга эриша бўлмасликни» алоҳида айтиб ўтди.
МАКТАБ — ФАРОВОН КЕЛАЖАК САРИ ОСТОНА
Давлатимиз раҳбари ўтган йилги белгиланган режада айнан мактаб мавзусига жиддий эътибор қаратганди. 2020 йилги дастурга мувофиқ 36 та янги мактаб қурилиб, 211 таси капитал таъмирланган, шунингдек, 55 та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилганди. 2021 йилги давлат дастурида ҳам, шак-шубҳасиз мактабларни ривожлантириш, шароитларини яхшилаш масаласи муҳим ўрин тутади.
Ўзингиз ўйланг, мактабга қадам қўйган бола ҳали илмга чанқоқ, мияси маънавий озуқага ташна бўлади. Агар у ўқишни ният қилган мактабда бунинг учун шароит бўлса, бола келажакда катта одам бўлиб етишади. Мактабдаги сифатли таълим олий ўқув юртига киришини таъминлайди, олий ўқув юртидаги таҳсил эса фаровон келажак сари омил бўлади. Фаровон келажак яратган шахс эса ўз навбатида юртига керакли кадрга айланади, юртимизда бахтли оилалар сони биттага кўпаяди. Энди тасаввур қилинг, шу бола ўқимоқчи бўлган мактабда шароит етарли бўлмасачи? Бола ўзига керакли таълимни ола олмасачи? Унда нима бўлади? Боланинг ўқишдан, билим олишдан кўнгли қолади, натижада олий ўқув юртига кира олмайди, келажакка шубҳа билан қарай бошлайди, энг ёмони давлат ўзининг бир етук кадридан айрилади.
Бу ўта жиддий оқибат. Йўл қўйиб бўлмайдиган оқибат. Шу боис ҳар қайси мактабда шароитни яхшилаш лозим. Зеро мактаб бир нечта ўқувчини зиёли шахсга айлантиришга қодир бўлган маскандир.
ЎзМТДП депутати Азат СЕЙТНАЗАРОВ