Аввалроқ, Мозори Шариф шаҳрида Алишер Навоий ҳайкалининг бузилгани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон ҳукумати вакиллари билан боғланиб ҳолатга аниқлик киритди.
Олинган маълумотларга кўра, Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган жой буюк аллома хотирасига етарлича муносиб эмаслиги, шоир ва мутафаккир учун янада кўркам мажмуа қурилиши лозимлиги боис ёдгорлик маҳаллий ҳокимият томонидан олиб ташлангани таъкидланган.
Аниқланишича, ушбу бузиш ишлари Афғонистон Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда кенг жамоатчилик билан келишилмаган. Афғон тарафи ҳолат юзасидан таассуф билдирган.
Бундан ташқари, Алишер Навоий шарафига алоҳида ёдгорлик барпо этишни ваъда берган. Жумладан, ҳудудни ободонлаштириш, шоир ҳаёти ва ижодий меросига оид маълумотларни ўз ичига олган ёзувларни тиклаш, ёдгорлик жойлашган майдонга буюк шоир Алишер Навоий номи қўйилиши режалаштирилганини маълум қилинган.