Афғонистон мудофаа вазири Мўҳаммад Яъқуб Мужоҳид АҚШ, Россия ва Хитойни мамлакатга нисбатан «ёмон ниятлар»дан воз кечишга чақирди.
Афғонистон мудофаа вазири Мўҳаммад Яъқуб Мужоҳид Amu.tv маълумотига кўра, АҚШ, Россия ва Хитойга мурожаат қилиб, Афғонистонга нисбатан ёмон ниятлардан воз кечишни сўради.
У бу сўзларни Афғонистон мустақиллиги кунига бағишланган нутқида айтди ва ҳукумат барча давлатлар билан ижобий ҳамкорликка интилаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, «амирлик дунё державалари ёки қўшни давлатлар ўртасидаги тўқнашув майдонига айланишни хоҳламайди».
«Қўшниларимиз, минтақавий кучлар ва бутун дунёга мурожаатимиз шундай: агар кимда ким Афғонистонга нисбатан ёмон ниятда бўлса, бу ниятлардан воз кечсин. Афғонистон сизларга нисбатан адоват сақламайди. Биз барча билан Ислом шариати асосида яхши муносабатлар ўрнатмоқчимиз», — деди Яъқуб Мужоҳид.
У шунингдек, Россия ҳамда Хитой Афғонистонни АҚШ буйруғи билан уларга қарши ишлатиш мумкинлигига ишонмаслигини, ва шунингдек, Вашингтон ҳам бошқа давлатлар Афғонистон орқали АҚШ манфаатларига таҳдид сола олишига ишонмаслигини қайд этди.
«Келинглар, савдо қилайлик. Келинглар, ўзаро рақобат қилайлик — бу тўқнашув эмас, балки тўғонлар, йўллар, заводлар қуриш, инвеститсия киритиш ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш орқали бўлсин», — дея қўшимча қилди у.
Amu.tv ёзишича, бу баёнот Афғонистон ҳукумати ДАЕШ ва бошқа экстремистик ҳаракатларга қарши етарлича қатъий чора кўрмаётгани ҳақидаги танқидларга жавоб сифатида янгради. Россия ва Покистон аввалроқ Толибон ҳукуматини бу гуруҳларга қарши кескинроқ чоралар кўришга чақирган эди.
Яъқуб Мужоҳид нутқида ички сиёсатга ҳам тўхталиб ўтди. У Толибоннинг 2021 йилда ҳокимиятга келишини «мустақилликнинг янги шакли» деб атади ва фуқароларни бирликка чақирди:
«Кимки халқ билан ҳукумат ўртасида ёки халқнинг ўзи орасида фитна солишга уриниб, ичида низо чиқарса, шундай кимсалар аниқланиши керак. Фақат шу орқали биз ташқи душманлар ёки мамлакат ичидаги ақлсиз унсурлардан ўзимизни ҳимоя қила оламиз», — дея хулоса қилди Афғонистон мудофаа вазири.