2026 йил 28 август куни Ўзбекистон Республикасига амалга оширилаётган ишчи ташриф доирасида Туркий Маданият ва Мерос Жамғармаси Президенти, профессор Акто́ти Раймкулова Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) Бош директори Абдусаид Кучимов билан учрашди.
Учрашув давомида Жамғарма ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, туркий халқларнинг моддий ва номоддий маданий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган халқаро маданий-гуманитар лойиҳалар ва ташаббусларни ахборот жиҳатидан қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Профессор Акто́ти Раймкулова Жамғарманинг асосий лойиҳалари ва ташаббуслари, жумладан, «Туркий маданий мероснинг кўп тилли каталоги», «Туркий фольклор антологияси», TurkicHeritage рақамли платформаси, реставрация, нашриёт, илмий-тадқиқот ва таълим лойиҳалари, шунингдек, Биринчи Туркология қурилтойининг 100 йиллигига бағишланган тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кучимов Туркий Маданият ва Мерос Жамғармасининг фаолияти ҳамда туркий халқларнинг муштарак маданий меросини асраб-авайлаш ва тарғиб этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Шунингдек, Жамғарманинг лойиҳа ва ташаббусларини ахборот жиҳатидан қўллаб-қувватлашга қизиқиш билдирди.
Томонлар, шунингдек, қўшма медиа лойиҳаларини амалга ошириш, туркий дунё маданияти ва меросини халқаро медиа маконида кенгроқ тарғиб этишга қаратилган мавзули мақолалар, интервьюлар, фото ва видеоматериаллар тайёрлаш юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашув давомида Туркий Маданият ва Мерос Жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаш имконияти ҳам кўриб чиқилди.