Украина уруш тугаганидан кейин хавфсизликни таъминлаш бўйича учта вариантни кўриб чиқмоқда.
Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский Киевда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, хавфсизлик кафолатлари комплекс тарзда кўриб чиқилиши керак. Хусусан, бу вариантлар НАТОга аъзо бўлиш, АҚШ томонидан тўғридан-тўғри хавфсизлик кафолатларини тақдим этиш, шунингдек, Европа давлатлари томонидан хавфсизлик кафолатларини назарда тутувчи «кўнгиллилар коалицияси» кўмагини ўз ичига олади.
Зеленскийнинг таъкидлашича, ушбу кафолатлар кучли Украина армиясига таяниши лозим. Бунинг учун Украина Қуролли кучлари шахсий таркиби сонини ошириш, уларнинг жанговар салоҳиятини кучайтириш ва катта миқдорда молиявий маблағ ажратиш талаб этилади.
«Европа ва АҚШдаги ҳамкорларимиз бу ҳақда хабардор. Давлатимиз ўзини хавфсиз ҳис қилиши учун зарур бўлган молиялаштириш ҳажми ва ҳарбий хизматчилар сони бўйича ҳисоб-китобларни аллақачон амалга оширдик», — деди у.
Украина президенти НАТОга аъзолик ҳам хавфсизлик кафолатларининг мумкин бўлган вариантларидан бири эканини таъкидлади. Унинг фикрича, бу масала Киев учун ҳам, альянснинг ўзи учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
«Бизнинг армиямиз НАТО учун муҳим, айни пайтда НАТО Украина хавфсизлиги учун жуда муҳим. Ҳозирча бу масалани батафсил муҳокама қилмаяпмиз, бироқ ҳамкорларимиз билан музокаралар олиб бормоқдамиз.
Менимча, очиқ гапирадиган бўлсак, Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши Россия учун ҳам керак. Чунки бу Украинанинг альянсдан ташқарида қолишига қараганда кўпроқ хавфсизликни таъминлаши мумкин», — дея қўшимча қилди Зеленский.