Бугун 26 февраль, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Турк маданияти ва мероси фонди Кенгашининг III йиғилиши ўтказилади

Турк маданияти ва мероси фонди Кенгашининг III йиғилиши ўтказилади

Турк дунёсининг маданий мерос соҳасида стратегик йўналишларни белгилаш ва фаолият режалари тасдиқланишини ўз ичига олган Турк маданияти ва мероси фонди Кенгашининг III йиғилиши 2026 йил 27 февраль куни Қирғиз Республикаси пойтахти Бишкек шаҳрида, “Ала-Арча” давлат қароргоҳи конференция залида бўлиб ўтади.

“Ədəbiyyat və incəsənət” порталига Фонд томонидан берилган маълумотга кўра, йиғилиш Қирғиз Республикасининг раислиги остида, ташкилотга аъзо мамлакатлар Маданият вазирликлари иштирокида ўтказилади.

Йиғилишнинг мақсади турк давлатлари раҳбарларининг топшириқларига мувофиқ, “Турк дунёсига назар – 2040” ҳужжати, TURKTIME шиори ва Турк дунёси Хартияси доирасида турк маданий меросини асраш, ривожлантириш ҳамда уни келажак авлодларга етказиш йўналишида стратегик қадамларни муҳокама қилишдан иборат.

Маълумки, Турк маданияти ва мероси фонди турк давлатлари раҳбарларининг ташаббуси ва кўмагида ташкил этилган халқаро тузилмадир. Фонднинг асосий мақсади турк халқларининг моддий ва номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш, тадқиқ этиш ва тарғиб қилиш, шунингдек, турк мамлакатлари ўртасида илмий ҳамкорлик, нашриёт фаолияти ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришдан иборат.

Йиғилиш доирасида Фонднинг 2025-йилги фаолияти натижалари тақдим этилиши, амалга оширилган лойиҳа ва ташаббусларнинг ҳозирги ҳолати кўриб чиқилиши, шунингдек, 2026–2027-йиллар учун устувор фаолият йўналишлари белгиланиши режалаштирилган. Хусусан, маданий меросни муҳофаза қилиш ва рақамлаштириш, илмий-тадқиқот ҳамкорлигини кенгайтириш, қўшма халқаро дастурларни амалга ошириш ҳамда турк маконида гуманитар мулоқотни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Йиғилишда Турк давлатлари ташкилоти Бош котиби, шунингдек, Озарбайжон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Туркия Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлари ҳамда расмий вакиллари иштирок этадилар.

Турк маданияти ва мероси фонди Кенгашининг Қирғиз Республикасида ўтказиладиган учинчи йиғилиши Фонд томонидан ташкил этилаётган йиллик учрашувлар анъанасининг давоми ҳисобланади. Аввалги йиғилишлар Озарбайжон Республикасида (2024) ва Қозоғистон Республикасида (2025) бўлиб ўтган эди. Мазкур йиғилиш Фонднинг турк дунёси мамлакатлари ўртасида маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва барқарор ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги миссиясини изчил амалга ошириб келаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Киритилди: Бугун 10:46. Ўқилди: 157 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!