Нашрнинг хабар беришича, АҚШ президенти Доналд Трампнинг Флорида штатидаги Мар-а-Лаго шахсий қароргоҳи ҳудудида зенит-ракета комплекслари жойлаштирилди, Трампнинг ўзи эса махсус хизматларнинг хавфсизликка таҳдидлар ортгани ҳақидаги огоҳлантириши фонида бир нечта оммавий сайловолди тадбирларини бекор қилди.
"АҚШ Махфий хизмати юқори даражадаги таҳдидлар шароитида ишлаяпти ва биз қўриқланадиган шахсларни ҳимоя қилиш учун илғор қуроллар, технологиялар ҳамда усулларни жорий этган ҳолда хавфсизликни таъминлаш бўйича амалиётларни доимо мослаштириб бормоқдамиз", — деди The Telegraph'га АҚШнинг биринчи шахслари хавфсизлигини таъминловчи идора вакили.
Шу ҳафтада Трамп Айова ва Канзас штатларида тайёрланаётган сайловолди тадбирларида демократларнинг жиддий таъсирига қарамай, уларни бекор қилишини ва уларнинг ўрнига телемарафонлар ташкил этилишини эълон қилган. Бироқ кеча, 30 октябр куни Оқ уй президент барбир юзма-юз тадбирларни ўтказишга умид қилаётганини маълум қилган. Трампнинг иш жадвали билан таниш бўлган The Telegraph манбасининг айтишича, иккала митинг ҳам якшанба куни бўлиб ўтади.
Таҳдидларнинг юқори даражаси фонида Мар-а-Лаго атрофидаги ҳаво ҳудуди Махфий хизматнинг сўровига биноан Трампнинг ташрифлари вақтида чекланмоқда. Федерал суд материалларига кўра, идора “ножўя таҳдидлар”, жумладан, террористик таҳдидлар ҳақидаги маълумотлар муносабати билан ҳаво ҳудудини доимий асосда ёпишни режалаштирмоқда.