Бугун 16 ноябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Трамп Путин ва Си Цзиньпин билан ядро қуроллари ва Эронни муҳокама қилмоқчи

Трамп Путин ва Си Цзиньпин билан ядро қуроллари ва Эронни муҳокама қилмоқчи

АҚШ президенти Дональд Трамп 19 ноябрь куни Владимир Путин ва Си Цзиньпин билан бўладиган учрашувда ядро қуролларини қисқартириш ва Эрон атрофидаги вазиятни муҳокама қилмоқчи. Бу ҳақда CNN Оқ уй вакилларига таяниб хабар берди.

Оқ уй матбуот котиби ёрдамчиси Оливия Уэйлснинг таъкидлашича, Трамп ядро қуролларининг дунё бўйлаб тарқалишини ўта хавфли деб ҳисоблайди ва уларнинг сонини камайтириш масаласини кўтариш ниятида.

Бироқ Вашингтон мазкур учрашувда аниқ келишувга эришилишини кутмаяпти. АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали вакили музокараларни уч мамлакат етакчилари даражасидаги мулоқотнинг бошланиши деб баҳолади.

Музокаралар АҚШ ва Россия ўртасидаги стратегик ҳужумкор қуролларни қисқартириш тўғрисидаги охирги шартнома — New STARTнинг амал қилиш муддати 2026 йил февралида тугагани фонида ўтказилмоқда.

Хитой эса ҳозирча уч томонлама ядровий қуролсизланиш музокараларида иштирок этишга қарши. Пекин ўз ядро арсенали АҚШ ва Россияникидан анча кичик эканини таъкидлаб келмоқда.

Учрашувда Эрон атрофидаги вазият ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда. Бироқ АҚШ маъмурияти вакилига кўра, Украина можароси уч томонлама музокаралар кун тартибига киритилмаган. Вашингтон бу масалани Москва билан алоҳида мулоқот доирасида кўриб чиқмоқда.

Трампнинг Си Цзиньпин билан алоҳида учрашуви ва ишчи тушлиги ҳам режалаштирилган. АҚШ ва Россия етакчиларининг икки томонлама учрашуви эса ҳозирча белгиланмаган.

Аввалроқ Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков уч давлат раҳбарлари 19 ноябрь куни Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммити доирасида учрашишга келишиб олганини маълум қилган эди.

Киритилди: 23:35 15.11.2026. Ўқилди: 306 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар