АҚШ президенти Дональд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин Алясканинг Элмендорф-Ричардсон қўшма ҳарбий базасида учрашишга тайёргарлик кўрмоқда. The Times of Central Asia ёзишича, ушбу учрашув Марказий Осиё мамлакатларида ҳам умид, ҳам хавотир уйғотмоқда.
Минтақа давлатлари, жумладан Ўзбекистон, Украина бўйича нейтрал позицияни сақлаб қолмоқда. Қозоғистон ва Ўзбекистон Россиянинг Донецк ва Луганск “республикалари”ни тан олмади. Туркманистон доимий бетарафлик сиёсатини давом эттирмоқда. Қирғизистон ва Тожикистон эса БМТ резолюцияларида овоз беришдан тийилиб, умумий тинчлик чақириқлари билан кифояланмоқда.
Мутахассислар учрашувдан кейин уч эҳтимолий сценарийни тахмин қилмоқда. Биринчиси — ўт очишни тўхтатиш: бозорлар барқарорлашиши, санкциялар хавфининг камайиши ва Марказий Осиёнинг савдо ҳамда дипломатия марказига айланиши мумкин. Иккинчиси — урушнинг давом этиши: бозорлар беқарор бўлиб қолиши, санкциялар босимининг сақланиши, аммо Россия таъсирининг аста-секин камайиши эҳтимоли.
Учинчи сценарий — катта геосиёсий қайта тақсимот: минтақа Ғарб ёки Хитой билан ҳамкорликни кучайтириши ёки аксинча, Россия босими ортиши мумкин. Аналитиклар фикрича, Трамп–Путин учрашуви натижасидан қатъи назар, Марказий Осиё давлатлари ўз ташқи сиёсатини янада эҳтиёткорлик билан олиб боришга мажбур бўлади.