Германия канцлери Фридрих Мерц Германия 2022 йил февралидан бери Украинага ҳарбий ёрдам учун 40 миллиард евро ва фуқаролик ёрдамига қўшимча 36 миллиард евро сарфлаганини маълум қилди.
Мерц бу ҳақда Берлиндаги Германия-Украина иқтисодий форумидаги чиқиши чоғида айтиб ўтди.
"Биз Украинага 2022 йил февралидан бери тахминан 40 миллиард евро ҳарбий ёрдам бердик. Шунингдек, биз қўшимча 36 миллиард евро фуқаролик ёрдамини тақдим этдик. 2026 йилда эса ҳарбий ёрдам учун қўшимча 11 миллиард евро ажратамиз", - деди Мерц.
Форумда у Украинани энергия билан таъминлаш учун зудлик билан 170 миллион евро ажратилишини ҳам эълон қилди.
Форумда аввалроқ Иқтисодиёт вазири Кетрин Райх Германия ҳукумати Украинага умумий қиймати 45 миллион евро бўлган хусусий сармояларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмини ишга туширишини маълум қилган эди.