Бугун 10 октябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

Трамп маъмурияти Халқаро жиноий судга қарши санкциялар жорий этди

Трамп маъмурияти Халқаро жиноий судга қарши санкциялар жорий этди

АҚШ маъмурияти Халқаро жиноий суд (ХЖС)га нисбатан санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги АҚШ Давлат котиби Марко Рубио баёнотига таяниб хабар берди.

Рубио маълум қилишича, АҚШ президенти Дональд Трамп Халқаро жиноий суднинг америкаликларни жиноий таъқиб қилишига йўл қўймайди. Янги чекловлар суд билан молиявий ва бошқа операцияларни амалга оширишни тақиқлашни, шунингдек, унинг фаолияти учун зарур ресурслардан фойдаланиш имкониятини чеклашни кўзда тутади.

АҚШ Молия вазирлиги суд фаолиятини таъминлаш ёки унинг ишини тўхтатиш учун зарур бўлган молиявий операцияларга 2027 йил 7 апрелгача рухсат берди. Давлат департаменти эса Рим статути иштирокчиси бўлган мамлакатларга Вашингтон билан суд фаолияти борасидаги келишмовчиликларни ҳал қилишда силжишга эришиш учун 180 кун муҳлат ажратди.

Халқаро жиноий суд АҚШнинг ушбу қарорини кескин қоралаб, уни «қонун устуворлиги ва халқаро ҳуқуқий тартиб асосларига тажовуз» деб атади.

Июль ойи ўртасида Марко Рубио глобализмга қарши дипломатик кампания бошланганини эълон қилган эди. Унинг айтишича, ушбу ташаббус доирасида Халқаро жиноий суд фаолиятини босқичма-босқич тугатиш ҳам кўзда тутилган. Рубио судни суверен давлатлар учун таҳдид деб атаб, унинг раҳбариятини АҚШ Конституцияси ва миллий суд тизимидан устун туришга уринишда айблаган.

Халқаро жиноий суд юрисдикциясини дунё аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этувчи мамлакатлар тан олмайди. Улар қаторида Россия ҳам бор. Кремль аввалроқ суднинг қарорларини Россия нуқтаи назаридан ҳуқуқий кучга эга эмас деб ҳисоблашини билдирган.

2023 йил март ойида Халқаро жиноий суднинг дастлабки тергов палатаси Россия президенти Владимир Путин ва болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Львова-Беловаларни ҳибсга олиш учун ордер берган эди. Суд уларга украиналик болаларни Украина ҳудудидан Россияга ноқонуний олиб чиқиш билан боғлиқ айбловларни қўйган. Россия расмийлари эса болаларни Украина ҳудудидаги ўқув ва ҳарбий ҳаракатлардан ҳимоя қилиш мақсадида олиб чиқилганини билдирган.

Киритилди: 20:26 09.10.2026. Ўқилди: 544 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!