АҚШ президенти Дональд Трамп 2026 йилги жаҳон чемпионати мамлакат иқтисодиётига 18 миллиард доллардан ортиқ маблағ келтирганини маълум қилди.
Жаҳон чемпионати 2026 йил 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтди. Турнир ўйинларига АҚШнинг 11 та шаҳри мезбонлик қилди.
«Америкалик сайёҳлар учун ажойиб ёз бўлди! Америкаликлар қарийб 300 миллиард мил йўл босди. Миллий боғларимиз 78 миллион нафар ташриф буюрувчини қабул қилди.
Футбол бўйича жаҳон чемпионати иқтисодиётимизга 18 миллиард доллардан ортиқ маблағ олиб келди ва 160 мингдан зиёд иш ўрни яратди!
Саёҳат ва туризм янги иш ўринлари, инвестициялар ҳамда Америка компаниялари ва жамоаларига миллиардлаб доллар маблағ келтиради.
Биз бюрократик тўсиқларни қисқартиряпмиз, авиақатновларни модернизация қиляпмиз ҳамда АҚШга ташриф буюриш ва бу ерда бизнес юритишни осонлаштиряпмиз.
Америка бизнес учун очиқ — энг яхши кунлар эса ҳали олдинда!» — деб ёзди Дональд Трамп.