Шанба куни Молдова электр тармоқлари оператори Moldelectrica Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасига берган зарбалари туфайли фавқулодда вазият юзага келгани ҳақида хабар берди.
Бу ҳақда компания маълум қилди.
Баёнотга кўра, Украина электр тармоғига қилинган ҳужумлар натижасида минтақадаги асосий энергия блоки ишдан чиққан, ўзаро боғловчи линиялар эса энг юқори қувватда.
"Moldelectrica яқин бир неча соат давомида эҳтиёт чораси сифатида Руминиядан фавқулодда ёрдам сўради. Бу электр тармоқларининг хавфсиз ишлашини таъминлайди ва юзага келиши мумкин бўлган ортиқча юкланишларнинг олдини олади", - дейилади хабарда.
Шанбага ўтар кечаси Россия кучлари Украинанинг бир қанча шаҳарларига кенг кўламли ракета ва учувчисиз самолётлардан зарба берди. Портлашлар Полтава, Луцк, Одесса, Запорожье, Била Церква ва бошқаларда эшитилди.