АҚШ президенти Доналд Трамп Исроилга ҳар йили ажратиладиган қарийб 4 миллиард долларлик ёрдам 2026 йил охирида тўхтатилишини билдирди. Унинг таъкидлашича, Исроил энди ўз мудофаа эҳтиёжларини мустақил молиялаштира олади.
3 ноябрь куни Fox News телеканалига берган интервьюсида Трамп бу масала Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан бир неча йилдан бери муҳокама қилинаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, молиявий кўмакдан воз кечиш ташаббусини Нетаняҳунинг ўзи илгари сурган.
"Биз Исроилга 4 миллиард доллар беряпмиз. Бироқ йил охирида бу тўловлар тўхтайди. Агар уларга ёрдам керак бўлса, албатта ёрдам берамиз", — деди АҚШ раҳбари.
Трамп молиявий кўмак тўхтатилиши икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик тугашини англатмаслигини таъкидлади. Исроил АҚШдан қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар сотиб олишда давом этиши мумкин.
Айни пайтда Вашингтон ва Тел-Авив ўртасидаги амалдаги келишув 2028 йилгача ҳар йили 3,8 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам ажратишни назарда тутади. Умумий қиймати 38 миллиард доллар бўлган мазкур битим 2019 йилдан амал қилмоқда.
Шу сабабли Трамп эълон қилган қарорнинг амалда қандай бажарилиши ҳозирча номаълум. Ёрдам тартибини ўзгартиришда АҚШ Конгрессининг иштироки ҳам талаб қилиниши мумкин.