Украина ОАВларига кўра, Киев остонасидаги ертўлалардан бирида 30 га яқин эркак ва 14 ёшли ўсмир сақланган ноқонуний қамоқхона аниқланган. Бу хабардан сўнг ғазабланган аҳоли воқеа жойига тўпланиб, ҳарбийларнинг автобусини ағдаришга уринган ва мутасаддилар билан оммавий тўқнашувлар юз берган.
Маълум бўлишича, мазкур “қийноқхона”да асосан қисмни ўзбошимчалик билан тарк этган ҳарбийлар сақланган ҳамда шафқатсиз калтакланган. Хусусан, у ердан қонга беланган ҳолда олиб чиқилган 14 ёшли бола белкурак билан урилгани маълум бўлди.
Украина парламенти депутати Артём Дмитрук бундай яширин қамоқхоналар бутун мамлакат бўйлаб мавжудлигини ва бу қонли жараён ҳозирги "сафарбарлик" тизимининг бир қисмига айланиб қолганини таъкидлаган.
Ҳолат юзасидан Украина Давлат тергов бюроси томонидан жиноят иши қўзғатилган. Ўз навбатида, ушбу можаро ортидан айрим европалик сиёсатчилар Украинага қурол ҳамда пул беришни тўхтатишга чақирмоқда.