АҚШ президенти Доналд Трамп 4 ноябрдан бошлаб Эронга қарши янги ҳарбий зарбалар бериш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин. Вашингтон Форс кўрфазидаги иттифоқчиларини эҳтимолий амалиётга тайёр туришга чақирган. Бу ҳақда MS NOW ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, АҚШ маъмурияти 3 ноябрдаги сайловлардан кейин Эронга қисқа муддатли, аммо кучли ҳарбий зарбалар бериш вариантини кўриб чиқмоқда. Ҳозирча бундай операция ўтказилиши ҳақида якуний қарор эълон қилинмаган.
Бунга жавобан Эрон олий раҳнамоси Мужтабо Хоминаий қуролли кучларга ҳар қандай таҳдидга зудлик билан ва географик чекловларсиз жавоб қайтариш бўйича кўрсатма берди. АҚШ ва Исроилнинг минтақадаги объектлари ҳам эҳтимолий нишонлар рўйхатига киритилган.
«Агар душман яна ҳужум бошласа, урушнинг қачон ва қандай шартларда тугашини Эрон ҳал қилади», — дея огоҳлантирди Хоминаий.
Ҳарбий кескинликка қарамай, дипломатик саъй-ҳаракатлар тўхтагани йўқ. Қатар воситачилигида Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокараларни қайта тиклаш бўйича мулоқотлар давом этмоқда.
Axios маълумотига кўра, Қатар делегациясининг Теҳронда эронлик расмийлар билан 12 соатдан ортиқ давом этган музокараларида муайян ижобий силжишга эришилган. Воситачилар шу вақт давомида Оқ уй билан ҳам доимий алоқада бўлган.
Бироқ томонлар ўртасида ҳозирча якуний келишув мавжуд эмас. Ҳарбий тўқнашувларнинг қайта бошланиш хавфи сақланиб қолмоқда.