Тошкент шаҳрида Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчихонаси ҳузуридаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази ташкилотчилигида, Озарбайжон Касаба уюшмалари Конфедерацияси делегацияси иштирокида Ўзбекистон туризм компаниялари вакиллари учун Озарбайжон курортларининг туризм ва соғломлаштириш имкониятларига бағишланган тақдимот маросими ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистонда фаолият юритаётган 60 га яқин туризм компанияси вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
Тақдимот давомида Озарбайжон курортларининг туризм, даволаш ва соғломлаштириш салоҳиятини акс эттирувчи махсус видеоролик намойиш этилиб, мамлакатнинг турли ҳудудларида жойлашган дам олиш ва соғломлаштириш масканлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, Озарбайжон Касаба уюшмалари Конфедерацияси тасарруфида фаолият юритаётган санаторий-курорт ва дам олиш муассасаларининг замонавий инфратузилмаси, даволаш-соғломлаштириш имкониятлари ҳамда ташриф буюрувчиларга кўрсатилаётган хизматлар тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.
Тадбир доирасида Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ҳар икки мамлакатнинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда ушбу йўналишда истиқболли ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Тақдимот якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.