Бугун 22 октябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Украина асирлигида 59 та мамлакат фуқаролари бор, Марказий Осиё давлатлари сон жиҳатдан етакчи

Украина асирлигида 59 та мамлакат фуқаролари бор, Марказий Осиё давлатлари сон жиҳатдан етакчи


Россия армияси сафида Украинага қарши урушда қатнашган ва қатнашаётган Марказий Осиё фуқаролари сони 20 400 нафардан ошди. Улар орасида Ўзбекистон ва Тожикистон етакчи. Украина ҳарбий асирлигига тушган 59 та давлат фуқаролари орасида ҳам юқоридаги икки давлат фуқаролари сон жиҳатдан етакчилик қилмоқда. Украинанинг “Хочу жить” лойиҳаси бу ҳақдаги янгиланган маълумотларни тақдим этди.

Урушга ёлланиш учун шартнома тузган ўзбекистонликлар сони 2022 йилдан буён ортиб бормоқда. Дастлаб 12 киши билан шартнома тузилган бўлса, жорий йилда (2026 йилнинг 9 ойлик кесимида) 2602 киши Россия Мудофаа вазирлиги билан келишувга эришган. Марказий Осиё бўйича 20 437 киши шартнома тузган, уларнинг 40 фоиздан ортиғи Ўзбекистон фуқаролари ҳиссасига тўғри келади.

Маълум қилинишича, ёлланма аскарлар сони бўйича мамлакатлар қуйидагича кетма-кетликда жойлашган:

◾️ Ўзбекистон 8 207 нафар фуқаро;

◾️ Тожикистон 5 308 нафар фуқаро;

◾️ Қозоғистон 3 819 нафар фуқаро;

◾️ Қирғизистон 2 219 нафар фуқаро;

◾️ Туркманистон 884 нафар фуқаро.

Маълумотларга кўра, Россия урушга 2026 йилда 18 500 нафар хорижликни ёллашни режалаштирилган. Тўққиз ой давомида 16 168 нафар чет эллик Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган. “Хочу жить” лойиҳаси йил якунига қадар кўрсаткич ошишини прогноз қилмоқда.

Ҳозирда Украина асирлигида жами 59 та давлат фуқаролари бор, улар орасида сон жиҳатдан ўзбекистонликлар етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларни Тожикистон, Беларус, Колумбия, Қозоғистон, Озарбойжон, Қирғизистон фуқаролари эгаллайди. “Хочу жить” давлатлар кесимида ҳарбий асирлар сонини ошкор этмади, аммо ҳукуматлар очиқ ва ёпиқ музокаралар олиб борганини маълум қилди. Улар қаторида Туркманистон ва Қозоғистон консуллиги ҳам бор.

Марказий Осиё мамлакатлари фуқароларининг аксарияти (32 фоиз) Россия фуқаролигини олиш, қолганлари эса жиноий таъқиб ёки қамоқдан қутилиш мақсадида Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган. Африка давлатларидан ёлланганларнинг 39 фоизи иш юзасидан алданганини билдирган. Лотин Америкаси, Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадан ёлланганлар учун эса Россия фуқаролигини олиш шартнома тузишнинг асосий сабабларидан бири бўлган.

Украина асирлигидаги Марказий Осиё давлатлари фуқароларининг 82 фоизи Россияга қайтиш истагини билдирган. Улар орасида ватанига қайтгач, жиноий жавобгарликка тортилишидан хавотирланганлар ҳам бор. Ўз мамлакатига қайтишни хоҳлаганлар эса сўровнома иштирокчиларининг атиги 11 фоизини ташкил этган.

Киритилди: 20:48 21.10.2026. Ўқилди: 612 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!