Тожикистоннинг ташқи қарзи 2025 йил 1 апрель ҳолатига кўра 3 миллиард 101 миллион долларни ташкил қилган. Бу йил бошига нисбатан 87 миллион долларга (2,7 фоиз) кам. Ушбу маълумотлар Республика Молия вазирлиги томонидан тақдим этилган.
Қарзнинг асосий қисми (95,6%) давлат қарзи, яна 4,4 фоизи давлат томонидан кафолатланган мажбуриятлардир.
Хитой энг катта кредитор бўлиб қолмоқда - тахминан 1 миллиард доллар. Тожикистон Жаҳон банки, Осиё ва Ислом тараққиёт банклари, шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан ҳам катта миқдорда қарздор.
2017 йилда Роғун ГЭСи қурилишини молиялаштириш учун йиғилган 500 миллион долларлик еврооблигациялар бўйича қарздорлик сақланиб қолмоқда.
2025 йилги буджетда ташқи қарзга хизмат кўрсатиш ва тўлаш учун қарийб 4 миллиард сомоний (тахминан 385 миллион доллар) маблағ назарда тутилган бўлиб, шундан 3 миллиард сомонийдан ортиғи асосий қарзга, қарийб 1 миллиард сомонийси фоизлар тўловига тўғри келади.
Қўшимча 1,4 миллиард сомоний (тахминан 135 миллион доллар) давлат кафолати остида ташқи кредит олган давлат корхоналари томонидан тўланиши керак.
Жорий йилда ташқи донорларнинг янги кредитлари бўйича келишувлар ратификация қилинганидан кейин ташқи қарз ҳажми ошиши кутилмоқда.
Тожикистон президентининг сўнгги хабарида айтилишича, Роғун ГЭСи қурилишини якунлаш учун ривожланиш бўйича ҳамкорлардан 33 миллиард сомоний (3 миллиард доллар)дан ортиқ маблағ, жумладан, 20,5 миллиард сомоний (1,9 миллиард доллар) имтиёзли кредитлар ва 12,5 миллиард сомоний (1,1 миллиард доллардан ортиқ) грантлар жалб этилиши режалаштирилмоқда.