Тожикистон футбол федерацияси Россия футбол иттифоқининг ноябрь ойида ўртоқлик ўйини ўтказиш таклифини рад этди. Бу ҳақда ТАСС агентлигига Тожикистон футбол федерацияси вакили маълум қилган.
«РФИ июнь-июл ойларидаёқ таклиф билан чиққанди, аммо бизда ноябр ойига бошқа уй ўйинлари режалаштирилган», деди ташкилот.
2022 йилнинг баҳорида Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) ва Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) Халқаро олимпия қўмитаси тавсияларидан келиб чиқиб, Россия терма жамоасини, шунингдек, Россиянинг барча клубларини халқаро мусобақаларда иштирок этишдан четлаштиришга қарор қилди. Бунга Украинага босқин сабаб бўлди.
Россиялик футболчилар ЖЧ-2022 плей-офф босқичини, жаҳон чемпионатининг ўзини ва 2024 йилда Германияда бўлиб ўтадиган Европа чемпионатини ўтказиб юборишди.
5 сентябрь куни Россия терма жамоаси Ханойда Ветнам терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказди ва 3:0 ҳисобида якунига этди. 7 сентябрь куни Ханойда Россия ва Таиланд терма жамоалари ўртасида ўртоқлик ўйини тўфон сабабли қолдирилди. Покистон термаси ҳам Россия билан ўйнашдан бош тортди.