Яқинда Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги Ўзбекистон маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Қоработир қишлоғидаги қабристонда машҳур Тоҳир ва Зуҳра достони қаҳрамонларининг қабри топилгани ва бу жой ободонлаштирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳақда mahalladosh.uz ёзмоқда.
Қайд этилишича, Тоҳир ва Зуҳра ёдгорлигининг тарихини аниқлаш мақсадида археолог олимлар Мухтор Пардаев ҳамда Собир Раҳимбоев қабристон ҳудудида ва унга туташ тепаликларда илмий текширув ишларини амалга оширган. Тадқиқотлар натижасида топилма жойлашган ҳудуд 3 минг йиллик, қабристон эса 1,5 минг йиллик тарихга эга экани ойдинлашган.
Айни пайтда Олтин мерос халқаро хайрия жамоат фонди Оқдарё тумани бўлими томонидан ушбу зиёратгоҳни ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Биз мазкур жараёнлар билан танишиш, шунингдек, тарихий қабрлар ҳақиқатан машҳур достон қаҳрамонларига тегишли эканига ойдинлик киритиш мақсадида ушбу ҳудудда бўлдик ва фонднинг туман бўлими мутахассиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ойгул Маматова билан учрашдик.
Тоҳир ва Зуҳра зиёратгоҳи қадимда Оқдарё соҳилида жуда катта майдонни эгаллаган, бироқ кейинчалик дарё ўзанигача сурилиб, пахта майдонларига қўшиб юборилган, дейди О.Маматова. Фақатгина ўртадаги хилхона атрофидаги 1 гектарли майдон сақланиб қолинган. Қоработир қишлоғи марказга кўчириб юборилгач, сўнгги эллик йиллар мобайнида қабристонга майитлар қўйилмаган, натижада у ташландиқ чангалзорга айланиб қолган. Ҳозирда унинг атрофи тозаланиб, йўллар очилди. Қабристондаги бошқа қабрлар деярли текисланиб кетган, аммо ўртадаги уч ошиқнинг қабри асрлар давомида ўз маҳобатини йўқотмасдан турибди.
Маълумотларга кўра, Тоҳир ва Зуҳра зиёратгоҳининг ёши IV-V асрларга бориб тақалади. Бундай хулосага келишга асос шуки, заминимизда ислом дини ёйилгунга қадар мавжуд бўлган қадимий диний қоидалар, урф-одатларга кўра, ҳар бир майит дафн этилаётган пайтда либослари, қурол-аслаҳаси, бойликлари билан бирга кўмилган. Қабрлар орасида эса етти қадамдан масофа қолдирилган. Бу жиҳатлар мазкур қабристонда ҳам кўзга ташланади. Ҳар учала қабр ораси етти метрни ташкил этади.
О.Маматованинг қайд этишича, юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам Тоҳир ва Зуҳра достони қаҳрамонларининг рамзий қабрлари белгиланган. Жумладан, улар айни пайтда Қашқадарё, Бухоро, Хоразм ва Наманган вилоятларида мавжуд. Тарихий манбаларга асосланиб, Тоҳир ва Зуҳранинг ҳақиқий қабри айнан Оқдарё соҳилида жойлашган, дейишга асос бор. Чунки географик томондан ва достондаги воқеалар тафсилотига нисбатан ҳам қаҳрамонлар ҳаёти, яшаб ўтган жойи мана шу масканга жуда мос келади. Достоннинг қадимий ва янги вариантларида ҳам воқеалар Самарқандда бўлиб ўтгани таъкидланади.
Тўғри, қабристондаги археологик қазишмалар жараёнида биронта қабртош ёки ёзувни учратмадик, аммо бошқа кўплаб маълумотлар бу ерда Тоҳир ва Зуҳранинг дафн этилгани эҳтимоли борлигини кўрсатади, дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Яҳё Ғуломов номидаги археологик тадқиқотлар институти директори Амриддин Бердимуродов. Агар бу жой обод қилинса, ёшларимиз учун жуда катта маънавият ва тарбия ўчоғига айланади.
Тарихий манбаларга кўра, IV асрнинг охири ва V асрнинг бошларида содир бўлган воқеаларни ўз ичига олган халқ оғзаки ижодининг бу нодир намунаси ХVII-XVIII асрларда Муҳаммад Сайёдий томонидан ёзиб олинади. Кейинги даврларда туркман шоири Мулланафас томонидан қайтадан нашрга тайёрланади. Шу асосда 1938 йилда Собир Абдулла Тоҳир ва Зуҳра мусиқали драмасини ёзди, 1945 йилда Ўзбекфильм студияси томонидан фильм суратга олинди.
Айни пайтда Тоҳир ва Зуҳра зиёратгоҳи вилоят ҳамда туман ҳокимликларининг тегишли қарорлари асосида давлат тасарруфига олинган. Атрофида фермер хўжаликлари томонидан боғлар ташкил этилиб, ҳудуд ободонлаштирилди. Шунингдек, ёдгорликни кўркам масканга айлантириш мақсадида мутахассислар томонидан Муҳаббат қасри мажмуасининг лойиҳаси тай ёрланиб, тегишли ташкилотларга тақдим этилган.
Албатта, мазкур зиёратгоҳ тарихи билан боғлиқ тадқиқотлар ҳали давом этади. Ўйлаймизки, изланишлар давомида яна кўплаб янги маълумотларга дуч келамиз. Энг муҳими, бугун ушбу ҳудудда улкан бун ёдкорлик ишлари авж олган. Бу эса қисқа муддатда Оқдарё туманининг чекка ҳудудида яна бир қадамжо, обод маскан, туризм манзили бунёд бўлишидан дарак беради.